Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

49 ёшида ўқишга кирган Феруза ёхуд оддий аёл билан оддий бўлмаган суҳбат (видео)

Янгийўллик Феруза Бариева билан аввал ҳам суҳбат қилгандим. Аммо шунақа одамлар бўладики, ҳар сафар ундан янгилик топаверасиз. Шу орада у – 49 ёшида ўқишга кирибди ва қайнона бўлибди. Бизда стереотип қараш бор-да. Аёл оддий ва фикрлаши ҳам оддий. Йўқ, менинг суҳбатдошим оддий аёл, аммо дунёқараши кенг ва фикри теран.

«Она фарзандларига ҳамма нарсани қила оладиган, кучли намоён бўлиши керак. Уларнинг эътирофига сазовор бўлиши учун эса аёл хоҳ қишлоқдан бўладими хоҳ шаҳарда яшайдими ўз устида ишлаши керак. Мактабни битирганимда ўқишга киролмаганман. Кейин бу орзуим орзулигича қолиб кетди. Оила, болалар, аммо ҳеч қачон ўқишга кириш истагидан воз кечмадим. Ҳар сафар фарзандларим ўқишга кирганида бир кун мен ҳам талаба бўлишимга ишонардим».

Феруза ана шундай ўйлайди. Мен энди болаларимни ўқитдим, хизматимни қилишлари керак, деб эмас, балки менинг энди яшаш ва нималарнидир яратиш даврим келди, ўз устимда ишлаш, ўрганиш вақтим келди, деб яшайди.

У билан илк танишганимда эндигина тошларга «жон» киргизаётган эди.

Унинг таъкидлашича табиатдаги ҳар бир нарсанинг жони бор. Ҳар бир жони бор нарсанинг тарихи бор.

«Қурбақани кўпчилик бир қурбақа-да, бир хунук жонзот-да деб ўйлайди. Аммо унинг оиласи бор, уларнинг шаҳзодаси, маликаси бор. Мен уларнинг чиройли томонини тошлар ва ранглар орқали кўрсатгим келади».

Тиниб-тинчимаган Феруза орадан ҳеч қанча ўтмасдан симдан шакллар тўқиш ҳунарини ўрганибди, сурат чизишни бошлабди.

«Ҳар бир одамнинг ўзи севган машғулоти бўлса бошқаларнинг ҳаётига аралашмайди. Мен қайнонаман, аммо келиним билан ишим йўқ, чунки вақтим йўқ. Уйингизга келин келдими, яна ўз устингизда ишлашга тўғри келади. Келин келмасдан олдинги камчиликларимизни йўқотишга, янада яхшироқ бўлишга ҳаракат қилаяпмиз. Келиннинг олдида буйруқчи эмас, балки ҳали ҳам кўп ишга қодир эканлигинингизни кўрсатишингиз керак», – дейди у суҳбат орасида.

Ферузанинг айтишича, ҳар бир аёл яратувчи, ижодкор, санъатга яқин бўлиши лозим.

«Биз ўз устимизда ишламасак, тажрибаларимиздан фойдалана олмасак, билим базамизни тўлдирмасак, болаларга нимани, қаердан олиб ўргатамиз».

Ферузанинг нияти ушбу соҳани, яъни чизмачилик, архитектура, қўл ҳунармандлигини ёшларга ўргатиш, бошқаларга ўргатадиган ёшларга устоз бўлиш...

«Ҳар бир инсоннинг ким бўлиши, қандай одам бўлиши, қайси йўлни танлаши ўзига боғлиқ. Шу ўринда бир эшитган воқеамни айтиб ўтмоқчиман: Бой, миллиардер одам интервю берибди. Ундан сўрашибди, сиз қандай қилиб бу даражага эришдингиз: У айтибди «отам кўп ичарди, онам ёмон йўлга юрарди, мен уларнинг хатоларини, ҳаёт йўлини қайтаргим келмади, улар юрган йўлдан кетмадим, меҳнат қилдим, интилдим.» Кейин бошпанасиз дайдидан интервю олишибди, сен нимага бу аҳволга тушдинг, у эса шундай жавоб берибди: «отам кўп ичарди, онам ёмон йўлга юрарди, мен шунақа оилада ўсганман, шуларнинг боласиман, шулардан тарбия олганман...».

Ваҳоланки, миллиардер ҳам,  бошпанасиз дайди ҳам бир ота-отанинг болалари, эгизаклар бўлган. Демак, биз ҳаёт йўлимизни танлашимизда ота-оналаримизни ёки бошқаларни айбдор қилишимиз керак эмас...»

Феруза келгусида ҳунарини кенгроқ тарғиб қилиш, шогирдлар чиқариш ҳақида бош қотирмоқда. Бунинг учун эса унга жой керак, ҳунарини давом эттириши, кенгайтириши учун маблағ керак. Қаҳрамонимиз Янгийўл тумани мутасаддиларига ёрдам сўраб йўллаган аризасининг жавобини кутаяпти. Биз ҳам мана шундай аёлларнинг истаги ва хайрли йўлдаги интилишлари бежиз кетмаслигига ишонамиз.

Муаллиф: Барно Султонова

Оператор: Элёр Турсунбоев

Монтажчи: Шерзод Қаюмов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг