2-гуруҳ ногирони 1,5 млн эвазига умрбод ногиронга айлантирилди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупцияга оид жиноятларга бағишланган йиғилишда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва тиббий реабилитация ишлари талабга жавоб бермаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Ногиронлик аломатлари яққол кўриниб турган ҳамда нохуш клиник ташхисга эга фуқароларга ногиронликни белгилашда бюрократик ва коррупцион тўсиқлар яратилганлиги ҳам бор ҳақиқат.
Масалан, алоҳида анатомик нуқсонлар, яъни қўл, оёғи ампутация қилинганлар, болаликдан туғма ногиронлар, даун касаллигига чалинганлар ногиронликни олиш учун 4 ойдан 6 ойгача беҳуда даволанишга мажбур бўлмоқда.
Янгиариқ туманида 1994 йилда туғилган, болаликдан қовурғалари туғма деформация бўлгани боис, ногиронлиги яққол кўриниб турган фуқаро Д. ногиронлик гуруҳини олиш мақсадида 2019 йил март ойидан 4 ой 20 кун фақат расмиятчилик учун шифохонада ётишга мажбур бўлган.
Республика бўйича ногиронлиги бўлган шахслар 615 мингдан ортиқ бўлсада, тиббий-меҳнат экспертизасини тўлақонли ўтказиш, уларни ижтимоий, касбий реабилитация қилиш учун реабилитология ва эрготерапия мутахассислари йўқ.
Энг аянчлиси, ногиронлик билан туғилган ёки ногирон бўлиб қолган фуқаролар ҳам ногиронликни расмийлаштиришда тамагирликка дуч келмоқда. Масалан, Каттақўрғон шаҳар тиббий маслаҳат комиссияси раиси 2-гуруҳ ногирони Т.га умрбод ногиронликни белгилаб бериш эвазига ундан 1,5 млн. сўм пора олаётганида ушланган. Яъни бундан чиқадиган хулоса шуки, пул эвазига одамни ё соғлом ёки бир умрга ногиронга ҳам айлантириш мумкин...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter