Заргарларга «Навоий КМК» ДК ва «Олмалиқ КМК» АЖдан 5 грамм ва ундан ортиқ бўлган гранулаларни сотиб олиш ҳуқуқи берилди
Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони (ПФ–5721, 18.05.2019 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Фармон билан 2019 йил 1 июлдан:
- заргарлик бўйича лицензияси бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўзи ишлаб чиқарган заргарлик буюмларининг асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга асиллик даражаси изларини қўйиш ҳуқуқи берилди;
- заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи лицензияга эга якка тартибдаги тадбиркорлар ўз маҳсулотларини мустақил сотиши, аҳолидан қимматбаҳо металлар парчалари, қимматбаҳо тошлар ва буюмларни сотиб олиш ҳуқуқига эга;
- давлат улуши бўлмаган ёки давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган тадбиркорлар ишлаб чиқаришда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни сарфлаш, ҳисобини юритиш ва сақлаш тартибини мустақил белгилайди;
- жисмоний шахслар қиймати 5 минг доллардан кўп бўлган заргарлик буюмларини декларация тўлдирган ҳолда Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиши мумкин;
- заргарлик соҳасидаги тадбиркорлар «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасига ихтиёрий аъзо бўлса, уюшма аъзоларининг имтиёз ва преференциялари уларга ҳам татбиқ этилади.
2019 йил 1 июндан қимматбаҳо металларни сотиб олиш учун берилган банк кредитлари бўйича фоиз харажатлари Тадбиркорлик фаолиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланади.
Фармон билан, тижорат банклари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
- «Навоий КМК» ДК ва «Олмалиқ КМК» АЖдан қимматбаҳо металларни ўлчов пластиналари кўринишида, 5 грамм ва ундан ортиқ бўлган гранулаларни Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг тонги фиксинги асосида сотиб олиш;
- сотиб олинган металларни бошқа заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларига сотиш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter