Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги қонун: Махсус иқтисодий зона иштирокчисига ер ажратиш рад этилмайди

Янги қонун: Махсус иқтисодий зона иштирокчисига ер ажратиш рад этилмайди

«Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ-604-сон, 17.02.2020 й.) президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қонунга мувофиқ, махсус иқтисодий зона тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун чет эл инвестициялари ва маҳаллий инвестицияларни, юқори технологиялар ҳамда бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида махсус ажратилган, белгиланган чегараларга ва махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади.

Махсус иқтисодий зоналар бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган давлат мулки объектлари, маъмурий-ҳудудий тузилмалар ҳудудлари негизида, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ташкил этилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар алоҳида ҳолларда фақат фармацевтика ва аграр йўналишидаги махсус иқтисодий зоналар учун берилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди.

Махсус иқтисодий зонанинг иштирокчисига ер участкасини ажратишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Махсус иқтисодий зоналар қуйидаги турда ташкил этилиши мумкин:

  • эркин иқтисодий зоналар;
  • махсус илмий-технологик зоналар;
  • туристик-рекреацион зоналар;
  • эркин савдо зоналари;
  • махсус саноат зоналари.

Шунингдек, бундай ҳудудларда қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқариш ва уларнинг савдосини олиб бориш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш каби бир қатор фаолият турларини амалга ошириш тақиқланади.

Махсус иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан 30 йил муддатга ташкил этилади.

Махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни тугатиш Президент қарорига биноан амалга оширилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ушбу Қонун кучга киргунга қадар эркин иқтисодий зоналар дирекциялари томонидан рўйхатга олинган ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёз ва преференциялар улар тақдим этилган муддат ўтгунига қадар сақлаб қолинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг