Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ингичка бойитиш фабрикаси» ишга туширилди (фото)

«Ингичка бойитиш фабрикаси» ишга туширилди (фото)

Бугунги кунда саноат корхоналари олдида турган долзарб вазифалардан бири бу йиллар давомида тўпланиб қолган техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ҳисобланади.

Айнан шу йўналишда Олмалиқ кон-металлургия комбинати мутахассислари томонидан бир неча йиллардан буён самарали ишлар олиб борилган ҳолда янги технологиялар яратилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилмоқда. Бу ҳақда комбинат ахборот хизмати хабар бермоқда.

ОКМК томонидан Самарқанд вилоятида жойлашган «Ингичка» вольфрам конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаб, маҳсулот олинаётганлиги ҳам бу борада амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини англатади.

Комбинат мутахассислари томонидан мазкур объектда Республикада илк маротаба вольфрам таркибли техноген чиқиндиларни қайта ишлаш технологияси саноат миқиёсида йўлга қўйилди.  Мазкур технологиянинг саноатга татбиқ этилиши натижасида жорий йилнинг август ойида ушбу конда илк маҳсулот олинишига эришилди ҳамда ушбу маҳсулотга халқаро сертификат берилди.

Жорий йилнинг 3 декабрь куни «Ингичка» вольфрам кони техноген чиқиндиларини қайта ишлаш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида барпо этилган бойитиш фабрикасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар мазкур объект ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришда ҳамда янги иш ўринларини яратилиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Тадбирда фабриканинг ишга тушишида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ишчи-ходимлар Фахрий Ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.

Очилиш маросимида рамзий лента қирқилиб, фабриканинг расман ишга туширилганини англатувчи махсус тугма босилди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар фабрика фаолияти ҳамда ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Тадбир якунида ишчи-ходимлар ва иштирокчилар учун байрамона дастурхон ёзилиб, концерт дастури ҳавола этилди.

Маълумот учун, Ингичка конида вольфрам таркибли чиқиндилар – 19 771 тоннани ташкил этади. Уларни қайта ишлаш ҳисобига ойига 9-10 тоннагача вольфрам концентрати олинади. Чиқиндиларни қайта ишлаш, вольфрам концентратини ажратиб олиш ҳисобига янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришга эришилади. Бу йилига комбинатга 2,0 млн доллар фойда келтиради.

Ушбу объектнинг ишга туширилиши натижасида биринчи босқичда 82 та ва иккинчи босқичда яна 200 та янги иш ўрни яратилади.

Муҳими мазкур фабрикада йиллар давомида тўпланган техноген чиқиндилар қайта ишланиб, қимматбаҳо маҳсулот олинади ва бу мамлакатимиз иқтисодий қудратига салмоқли ҳисса қўшиши аниқ, дейилади ОКМК ахборот хизмати хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг