Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Uzbekistan GTL – рақамлар, фактлар, таассуротлар

Uzbekistan GTL – рақамлар, фактлар, таассуротлар

«Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги деярли барча корхоналарга хос бир жиҳат бор – чўлда бўладими, бошқа жойдами, заводга олиб борадиган йўл кўкаламзорлаштирилади. Чўл ўртасида дарахтзор бошландими, демак яқин ўртада «Ўзбекнефтгаз»нинг бирор заводи бор. Uzbekistan GTL ҳам истисно эмас, корхонага бора-боргунча дарахтзору бутазорларни кўрасиз.

Заводнинг ўзи эса ишга тушгач кўплаб масалаларга ечим бўлган – бу ҳақда GTL'га ташкил қилинган сафар давомида атрофлича тушунча берилди. Демак, энди рақамларга мурожаат қилсак.

Рақамлар:

- Uzbekistan GTL йилига 307,3 минг тонна атрофида авиакеросин ишлаб чиқаради. Натижада юртимизда ушбу ёқилғига бўлган эҳтиёж батамом қоплаганиб, айни вақтда экспорт бўйича иш олиб борилмоқда;
- Заводда йилига 724.6 минг тонна дизел тайёрланмоқда. Бу борада ҳам ички бозор батамом таъминланди ва экспортга чиқариш ишлари жадал олиб борилмоқда;
- Uzbekistan GTL корхонасида йилига 437 минг тонна нафта ва 53.4 минг тонна суюлтирилган газ олинмоқда;
- Лойиҳа 10 йилда ўзини оқлайди. Бу борада хорижий кредиторлар томонидан қилинган ҳисоб-китоблар асос қилиб олинган;
- Ички рентабеллик 10.2 фоиз;
- Иш ўринлари сони 1 мингдан ортиқ;
- Ишлаб чиқариш ҳажми – 1 миллиард доллар;
- Бугунга қадар завод томонидан давлат бюджетига 700 миллиард сўмга яқин солиқлар тўлаб берилган;
- Uzbekistan GTL ишга тушгач юртимизда дизел нархи барқарорлашига сабаб бўлди ва ёқилғининг тоннаси 16-18 миллион сўмдан 9.5 миллион сўмга тушди.

Авиакеросин

Заводнинг энг катта ютуқларидан бири – авиакеросин масаласида импортга бўлган қарамликдан батамом қутулиш бўлди. Ўзбекистон ҳаво йўллари ўтган йилнинг октябр ойидан буён анъанавий JET A-1 авиаёқилғиси ва GTL керосини аралашмасидан фойдаланмоқда. Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) томонидан заводда ишлаб чиқариладиган керосин қўшимча сифатида қўллашга рухсат берилди.

Яна бир ютуқ эса – Ўзбекистон GTL 2021 йилда ASTM DO2 JO (авиация ёнилғиси) қўмитасига халқаро ташкилотнинг тўлақонли корпоратив аъзоси сифатида рўйхатдан ўтказилди.

Бозор

Uzbekistan GTL ишга тушгандан сўнг дуч келинган энг катта масалалардан бири – бозор масаласи бўлди. Гарчи заводда юқори сифатли дизел ва авиакеросин ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, харидорни янги маҳсулотга ўргатиб олиш осон бўлмади. Вазият шу даражага бордики, ишлаб чиқарилган ёқилғини сақлаш учун жой топиш ҳам муаммо бўлиб қолганди.

Оқибатда 2022 йилнинг ёзида битта линия ишлаб чиқаришдан тўхтатилди, агар завод яна икки соат маҳсулот сота олмаганида дизелни сақлашга жой қолмаган бўларди. Тезкор олиб борилган ишлар натижасида завод фаолияти давом эттирилди ва шундан буён сотув кўрсаткичлари барқарор сақланиб келмоқда.

Экспорт

Дизел ёқилғиси айни вақтда ички бозор эҳтиёжларини тўлиқ таъминламоқда ва қолган маҳсулот экспортга йўналтириляпти. Албатта бу масала ҳам осон ечилгани йўқ, хорижда ҳеч ким Uzbekistan GTL'ни кутиб тургани йўқ эди, бозорга кириш учун курашишга тўғри келди. Энг катта муаммолардан бири транспорт маршрути масаласи бўлди. Бу муаммо Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга қилган ташрифи давомида ҳал қилинди.

Давлат раҳбари олиб борган музокаралар натижасида Кавказ орқали Европага ўтган ўрта коридорни очиш бўйича келишувга эришилди. Натижада GTL ишлаб чиқарган маҳсулот денгиз йўли орқали кўҳна қитъага етказиб борилди. Дастлаб Европа бозори бўйича иккиланишлар бўлса, кейинчалик бу масалада ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмади – GTL ишлаб чиқарган дизел харидоргир бўлиб чиқди ва яхши кутиб олинди.

Айни вақтда Европадаги биргина трейдердан 30 минг тонна дизел ёқилғисига талаб бор. Эътиборли томони, хорижга экспорт қилинаётган ёқилғи ички бозорга нисбатан анча қиммат нархга амалга оширилмоқда.

Ички қувват

GTLга ҳос бўлган яна бир жиҳат – корхона электр қувватига бўлган эҳтиёжини ўзи қоплайди. Завод ҳудудидаги электр станциясида 85 МВт электр энергияси ишлаб чиқарилади. Натижада нафақат ички эҳтиёж тўлиқ қопланади, балки ортиқча энергия қўшни корхоналарга ҳам юборилади.

Ходимлар

Uzbekistan GTL заводи қурилиши асносидаёқ мутахассислар тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратилган эди. Бу борада аввал ишга туширилган заводлар тажрибаси ҳам инобатга олинди.

Масалан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи очилганда Фарғонадаги корхонада фаолият юритган мутахассислар олиб келинган ва бошқарувда баъзи муаммолар пайдо бўлган эди. Чунки янги қурилган корхонада технологиялар ҳам янгича бўлади ва кутилмаган тушунмовчиликлар юзага келганди.

Uzbekistan GTL очилиши олдидан мутахассис тайёрлашга алоҳида эътибор берилди, маҳаллий ёшлар хорижда тажриба ошириб келди ва завод очилишига деярли тўлиқ кадр тайёрлаб бўлинди. Айни вақтда корхонада 1000дан ортиқ ходим фаолият юритаётган бўлса, шундан 99 фоизини маҳаллий ёшлар ташкил қилади.

Завод ишлаши учун газ етадими?

Uzbekistan GTL қурилиши олдидан кредиторлар томонидан барча жиҳатлар қайта-қайта ҳисоб-китоб қилинган бўлиб, ҳамма рисклар инобатга олинган. Унга кўра, камида 25 йилга етадиган хом-ашё юртимизда мавжудлиги маълум қилинган. Бу фақат дастлабки ҳисоб-китоблар бўлиб, геологлар томонидан олиб борилаётган тадқиқотларга кўра табиий газнинг янги захиралари аниқлаб борилмоқда.

Айни вақтда Uzbekistan GTL фаолияти учун хом-ашё етмай қолиши ҳақида ҳеч қандай риск йўқ. Завод қурилиши учун дунёнинг етакчи банклари кредит ажратган бўлиб, улар бирор лойиҳага шунчаки пул тикмайди, балки ҳамма жиҳатлар ҳисоб-китоб қилинади. Унга кўра Ўзбекистонда дизел ёқилғисига бўлган талаб йиллар давомида қандай ўзгаради, экспорт салоҳияти қанақа бўлади, барчаси инобатга олинган.

Дизелга талаб

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистонда дизелга ишлайдиган техникалар яқин вақтга қадар жуда оз эди, хозир ҳам кўп эмас, аммо борган сари ошиб бормоқда. Илгари бунга шунчаки имконият йўқ эди, ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида дизел сотилмаган ёки кам сотилган ва топиш қийин бўлган. Натижада тадбиркор ё бошқа турдаги техника сотиб олган, ёки мавжуд техникани метан газга мослаштирган. Аммо хозирги кунда дизелга бўлган талаб ички бозорда анча ошиб бормоқда.

Нарх бўйича прогнозлар

Uzbekistan GTL қурилиши олдидан олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра завод ишлаб чиқарган дизелнинг тоннаси 560 доллардан сотилиши режалаштирилган эди. Хозирда дизел нархи бундан қимматроқ бўлиб, бу ҳам келажак прогнозлари истиқболли эканини билдиради.

Экология

Завод қурилиши олдидан кредиторлар томонидан нафақат иқтисодий рисклар, балки экологик рисклар ҳам инобатга олинган. Қурилиш учун қанча дарахт, саксовул кесилиши, табиатга ўтказиладиган таъсир, барчаси инобатга олинган. Ҳатто заводга қўшни қишлоқлар аҳолиси фикри ҳам инобатга олинган. Барчаси баҳоланган ва талабга жавоб бергани учун қурилиш бошланган.
Бу текширув хозирга қадар давом этиб келмоқда. Халқаро ташкилотлар томонидан мунтазам равишда экологик рейдлар ўтказилади, маҳаллий аҳоли фикри ўрганиб борилмоқда.

Истиқбол

Агарда Uzbekistan GTL қурилиши олдидан турли фикрлар айтилган ва баъзи мутахассислар унинг истиқболи борасида шубҳага борган бўлса, айни вақтда заводнинг истиқболи борасида фикрлар ижобийлашиб бормоқда. Жорий йилнинг август ойидан Европага экспорт бошланди ва дастлаб Эстонияга 1 минг тонна дизел ёқилғиси экспорт қилинди. Бу йўналиш бўйича талаб ошиб бормоқда ва ойига 10 минг тонна қадар ошиши кутиляпти.

Шунингдек Батуми орқали 20 минг тонна дизел экспорт қилинди ва бу йўналишда талаб ойига 30 минг тоннага ошиши режалаштирилган. Хозирда Uzbekistan GTL мутахассислари экспорт бозорини яна-да кенгайтириш устида иш олиб бормоқдалар ва яқин вақтлар ичида янгиликлар бўлиши кутиляпти.

Бу ҳақда батафсил маълумот эса келгуси пресс-турлар давомида берилиши ваъда қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг