Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«UzAuto Motors»да очиқ эшиклар куни ўтказилди

«UzAuto Motors»да очиқ эшиклар куни ўтказилди

2022 йил 16 март куни UzAuto Motors компаниясининг Асака шаҳридаги ишлаб чиқариш заводида «Очиқ эшиклар» куни ўтказилди. Унда иштирокчилар «Бизнеснинг очиқлик тамойили нима?» каби саволларга бевосита жавоб олиш имконига эга бўлишди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, автомобилсозлик соҳасининг бўлажак ёш кадрларини ишлаб чиқариш жараёнлари билан таништириш, ёш авлодни замонавий ишлаб чиқаришдаги турли хил мутахассисликларни танлаш имкониятига эга эканлигига қизиқтиришдан иборат.

Ташкил этилган «Очиқ эшиклар куни» доирасида Асака заводига 100 дан ортиқ меҳмонлар ташриф буюришди. Тадбир ташкилотчилари меҳмонлар орасида кейинчалик ишлаб чиқаришга меҳмон сифатида эмас, балки тўлақонли ходим сифатида келиши мумкин бўлганларни жалб этишга ҳаракат қилишди.

Айнан мана шунинг учун ҳам Фарғона политехника институтининг ишлаб чиқаришда бошқарув ва «Механика-машинасозлик» факултетлари талабалари, Андижон шаҳридаги 11-мактаб, Шаҳрихон вилоятидаги 15-мактабнинг юқори синф ўқувчиларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шуниси эътиборга лойиқки, кўплаб профессор-ўқитувчилар заводга режалаштирилган ташриф ҳақида эшитиб, ишлаб чиқариш жараёнини ўз кўзлари билан кўриш истагида талаба ва мактаб ўқувчиларидан иборат гуруҳларга қўшилиш таклифини билдиришди. Натижада ташриф буюрувчилар сони сезиларли даражада ошди ва ташкилотчиларни қўшимча гуруҳ сабабли турлар жадвалини ўзгартиришга ундади.

Шубҳасиз, компаниянинг устувор йўналиши – ҳар бир ходим ва меҳмонларнинг хавфсизлигидир, шу сабабли заводга экскурсия хавфсизлик бўйича брифинг билан бошланди. Ҳар қандай ишлаб чиқариш қизиқарли жараёндир, автомобилларни ишлаб чиқариш жараёни эса янада қизиқарли. Ташриф буюрувчилар пресслаш цехида бўлиб, автомобил кузов қисмларининг ишлаб чиқарилиш жараёни билан яқиндан танишишди.

Экскурсия давомида меҳмонлар соҳа мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Шунингдек, таклиф этилган блогерлар ёшларнинг автомобилсозлик соҳасига бўлган қизиқишига гувоҳ бўлишди.

Тадбирнинг ёш иштирокчиларидан бири блогерлар билан суҳбат давомида: «Ишлаб чиқариш жараёнини ўз кўзингиз билан кўрганингиздан кейин тайёр маҳсулотга бошқача кўз билан қарайсиз, чунки уни ишлаб чиқариш учун қанча меҳнат сарфланганини биласиз» – деди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг