Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Уловинг яхши бўлса, манзилинг яқин бўлади

Уловинг яхши бўлса, манзилинг яқин бўлади

Замонавий жамиятнинг энг муҳим талабларидан бири вақтдан ютиш бўлса, кейингиси қулайликка интилишдир. Бугун ана шу эҳтиёж кундалик турмушимизнинг энг асосий факторига айланиб улгурди. Масалан, эрталаб ўрнингиздан турасиз ва кунлик режаларни бажариш учун истайсизми-йўқми, кўчага отланасиз. Кимдир шахсий, ким эса жамоат транспортидан фойдаланишига тўғри келади. Аммо бекатда автобус кутиш баъзида тоқатни тоқ қилади. Қанча вақт кетди, деган ўй кўнгилни хира қилиши табиий. Агар келишилган учрашув бўлса бу кечикиш сизга қимматга тушиши ҳам мумкин. Яна бир томони эса, бугун пойтахтимизда аҳоли сони тобора ошиб бориши ҳам жамоат транспортига бўлган талабнинг ортишига хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори бу борадаги муаммоларнинг ижобий ечими бўлди дейиш мумкин. Хусусан, жорий йилнинг 26 май куни давлатимиз раҳбарининг Чилонзор туманидаги 7-автобус саройига ташрифи чоғида «Ўзмиллийбанк» АЖ зиммасига ҳам қатор вазифалар берилган эди. Мазкур берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзмиллийбанк» томонидан Транспорт вазирлиги ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ масъул ходимлари билан биргаликда бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан Хитой давлат тараққиёт банкидан узоқ муддатга имтиёзли шартларда кредит маблағлари жалб қилиниб, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун Хитойдан 1000 та янги автобуслар олиб келинди. Натижада, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ таркибидаги автобус саройларнинг жами 167 та йўналишларга кунлик чиқарилаётган автобуслар сони 1700 тага, қатновлар ҳисобига кунлик йўловчилар сони 900-950 мингтага етказилди ва йўловчи ташиш ҳажми 2 баробарга ўсиши таъминланди.

Соҳада даромадлар ҳисобини самарали ташкил қилиш ва нақд пул тушуми йиғилишида шаффофликни таъминлаш мақсадида, «Ўзмиллийбанк» АЖнинг Тошкент шаҳар филиаллари 8 та автобус саройларига бириктирилиб, Ишчи гуруҳлар ташкил этган ҳолда барча автобуслар «Брутто шартномаси»га асосан ҳафталик хронометражга олинди. Хронометраж якуни бўйича, йўловчилар сони ва тушумлар «Тошшаҳартрансхизмат» АЖдаги мавжуд электрон тизимлар билан солиштирилиб келинмоқда. Олиб борилган тадбирлар натижасида, сентябрь ойида апрель ойига нисбатан автобус саройларида ҳафталик ўртача тушум 4,5 млрд.сўмдан 6,5 млрд.сўмга, ташилган йўловчилар сони эса 4,2 млн.дан 5,5 млн.гача ошди. Бунда, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улуши 41 фоиздан 51 фоизга етди. Натижада, тушумларнинг ҳисобга олиниши 80-85 фоиздан 95-100 фоизга (нақд пулда, транспорт картаси, банк картаси QR-код ва имтиёзли карталар орқали тўловлар) таъминланди.

Шунингдек, жамоат транспортига ягона интеллектуал тизимини жорий қилиш бўйича ҳам чоралар кўрилиб, бугунги кунда Хитойнинг «Magnetic North» етакчи компанияси билан ишлар олиб борилмоқда.

Энг асосийси, яратилган шароитлардан йўловчилар мамнун. Бекатда узундан-узоқ кутишлар олди олинди ва йўналиш бўйича қўйилган автобуслар сони кўпайди.

-Қиш қаҳратони ва ёз жазирамасида бекатда автобус кутиш азоб эди. Камига етиб келган транспортдаги тирбандликни кўриб, навбатдагисини кутишга тўғри келарди. Бу айниқса, ишга ёки ўқишга шошилаётган йўловчиларга ноқулайлик туғдирарди, - дейди Шойим Болтаев. – Мен пенсионерман. Ҳар доим жамоат транспортидан фойдаланаман. Тўғрисини айтсам, кейинги 3-4 ойда шаҳримизда автобуслар қатнови кўпайди. Янги, замонавий транспортларда эсон-омон манзилга етиб оляпмиз.

Жамоат транспортининг йўловчиларга яхши хизмат кўрсатиши, шубҳасиз уни бошқарадиган ҳайдовчига ҳам боғлиқ. Ҳайдовчининг кўриниши, муомаласи, малакаси ва маҳорати йўловчининг ҳам кайфиятига таъсир ўтказади.

- Илгари кунлик пул тушуми бўйича планимиз бор эди, - дейди ҳайдовчи Дилмуҳаммад Амирқулов. - Ҳайдовчи рулни ушлаганидан бошлаб токи ишини тамомлагунига қадар ана шу белгиланган режани бажариш ҳақидаги фикр билан юрарди. Бу ўз-ўзидан ишимизга халақит берган пайтлар кўп бўлган. Сабаби жамоат транспортига турфа характердаги одамлар чиқади ва ҳайдовчининг ҳолати билан ҳисоблашмайди. Энди эса план деган нарсалар олиб ташланди. Электрон тизим асосида йўловчилардан йўл ҳақи олиш имкони йўлга қўйилди. Ойлик маошларимиз қарийб 2 баробарга кўтарилди. Хуллас, тизимдаги янгиликлар ҳам ҳайдовчи, ҳам йўловчи учун қулайлик яратмоқда.

- Авваллари кунлик планни топшириш учун узундан-узоқ кассада навбат ҳосил бўларди - дейди ҳайдовчи Исроил Худойбердиев. - Ҳозир тизим соддалаштирилди, яъни қулай бўлди. Банк билан олиб борилган ҳамкорлик натижасида ишимиз анча осонлашди. Қолаверса, илгари мен юрадиган йўналишимда 7 та автобус юрган бўлсак, энди 11 та автобус қатнаяпмиз.

Келгусида ҳам юқоридаги тадбирлар давом эттирилиб, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти сонини кўпайтириш ва унда пул тушумларининг ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда банк кассаларига кирим қилиш ишлари назоратга олинади ва зарурий чоралар кўрилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг