Тошкентдаги йўл ўтказгич қиймати 1 йил ўтмасдан 2 баробарга ошди
Тендерсиз буюртмалар ва офшорга пул ҳайдаш – булар ўзаро боғлиқ, деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу ҳолатни изоҳлар экан.
Унинг қайд этишича, 27 млн.долларлик йўл ўтказгич қиймати 1 йил ўтмасдан 2 баробар ошиб 49 млн. долларга етган. Пудратчи тендерсиз танлаб олинган. Лойиҳалаш қурилиш билан бирга давом этган.
«Шундай бир ҳолатда йўл ўтказгич қиймати ошмай, нима бўлсин яна. Тендер йўқми, қурилиш бошлангунча тасдиқланган лойиҳа йўқми, аввал бошидан қип-қизил пул ўзлаштириш манбаи. Албатта пудратчи ўзи шиширилган лойиҳа қийматини яна шиширишга ҳаракат қилаверади. Буни 3-синф боласи ҳам билади», – деб ёзади у ва давом этади. – «Дарвоқе, йўқдан бор, бордан йўқ бўлмайди. Шунақа шиширилган лойиҳалар кўпайгани сингари офшорга пул ҳайдаш кўпайяверади. Ахир ўзлаштирилган пулларни қаердадир жойлаштириш ва кейин бўлишиш керакку. Эртага барибир қусишга тўғри келишини, Ўзбекистонда йиғилган ва қолган пул ва мулклар мусодара бўлишини жуда яхши билишади. Яқин ўтмишда Гулнора Каримова мисоли амалдаги ўғриларимизнинг шундоқ кўз ўнгида турипти. Четга олиб чиқиб олганигина ўзиники».
Бакировнинг қайд этишича, ўтган 4 ойда оффшор ҳудудларга пул ўтказиш орқали Ўзбекистон корхоналари 103 млн долларлик маҳсулотни импорт қилганлар. Маблағнинг асосий қисми Тошкентга тўғри келади — 33 млн доллар. Бу давлат ва давлат назорати остидаги тузилмалар орқали қайд этилганлари. Феълан хусусий, лекин юқоридаги каби давлат буюртмаларини эмишга ихтисослашганлар миқёсида олинса бу сумма каррасига юқори.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter