Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича илғор тажрибалар муҳокама қилинди

Тошкентда хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича илғор тажрибалар муҳокама қилинди

Тошкент Халқаро Инвестиция Форумининг 2025 йилги дастурида «Марказий Осиё ва ундан ташқарида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш учун инвесторларни мақсадли йўналтириш ва фаол инвестицияларни жалб қилиш стратегиялари» мавзусида панел сессияси бўлиб ўтди. Тадбир давомида минтақа давлатлари сармояга пассив ёндашувдан капитал жалб этишнинг фаол ва стратегик моделига ўтаётгани алоҳида таъкидланди.

БМТ ESCAPнинг TXI дастурлари раҳбари Хедер Тейлор-Страусс модераторлик қилган сессияда рақамли технологиялар, таҳлилларга асосланган ёндашувлар ва инвестор реал эҳтиёжларига мослаштирилган стратегиялар орқали юқори сифатли TXI (тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар)ни жалб қилиш бўйича илғор тажрибалар муҳокама қилинди. Минтақавий ҳамкорликнинг натижадорликка қандай таъсир кўрсатаётгани ва «маълумотга асосланган» ёндашувлар инвестиция ландшафтини қандай ўзгартираётгани юзасидан фикр алмашилди.

Ушбу жараёнлар самарадорлигини оширишда минтақавий ҳамкорликнинг ўрни, шунингдек, маълумотларга асосланган ёндашувлар инвестициявий ландшафтни қандай ўзгартираётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги директори вазифасини бажарувчи Мансуржон Расулев 2016-2017 йилларда классик воситалардан фойдаланган ҳолда инвестицияларни жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни икки баравар оширишдан аввал жамоа муҳим қадамдан – «Асосий муаммо нимада, Ўзбекистонга хорижий инвестицияларнинг кириб келишига тўсқинлик қилаётган асосий жиҳат нима?» деган савол билан бошлагани ҳақида гапириб берди. Ўша пайтда бу тўсиқ валюта айрибошлашдаги чеклов эди.

Иштирокчилар тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини кўпайтириш учун мамлакатлар қўллаётган воситалар ва ёндашувларни батафсил муҳокама қилиб, инвесторлар билан бевосита ҳамкорлик қилиш, шаффоф ахборот муҳитини таъминлаш ва барқарор стратегияларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар.

SavvY компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Мариам Кояванинг таъкидлашича, мамлакатлар ҳозиргина келиб, уй қуриб, пулни олиб чиқиб кетаётганларни эмас, балки қўшимча қиймат яратадиган инвесторларни жалб қилишга интилмоқда. Бугунги кунда яратилган қиймат имкон қадар мамлакатда қолиши мақсад қилинган.

- Агар инвесторлар бугунги кунда янги мамлакатларда нимани қидираётганига қисқача тўхталадиган бўлсак, унда, албатта, ҳамма нарса сиёсий барқарорлик ва инвестиция хавфсизлиги кафолатларидан бошланади. Бу ҳақда ҳамма гапиради, шунинг учун чуқурлашиб ўтирмоқчи эмасман. Аммо учта қўшимча, муҳим жиҳат бор. Биринчиси - мамлакат ичида юқори сифатли маълумотларнинг мавжудлиги. Агар инвестор жиддий қизиқадиган бўлса, у қиладиган биринчи нарса бозорни тадқиқ қилиш ёки техник-иқтисодий асослаш бўлади. Иккинчиси - ишчи кучи. Бугунги кунда муайян соҳаларда кадрларнинг ҳақиқий имкониятларини тушуниш жуда муҳим. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бутун дунёдаги муваффақиятли инвестиция агентликлари истеъдодларни ривожлантириш бўйича махсус дастурларни таклиф қилишади. Учинчи жиҳат - рақобатбардош нархларда узоқ муддатли молиявий ресурслар, ҳам қарз, ҳам капиталнинг мавжудлиги. Нима учун бу муҳим? Чунки бугунги кунда барча инвесторлар ўз капиталидан максимал фойда олишга интилишади ва бунга фақат тўғри молиявий ечим билан эришиш мумкин, - дея қўшимча қилди Мариам Коява.

«Тажинвест» директори Дилшод Жўразода Марказий Осиё бутун дунё учун янги инвестиция йўналиши эканлигини таъкидлади.

- Гап фақат Қозоғистон, Ўзбекистон ёки Тожикистон ҳақида кетаётгани йўқ – Марказий Осиё ҳақида. Бу  80 миллион аҳолига эга янги ва жозибали минтақа. Шундай экан, гап рақобат ҳақида эмас, балки интеграция ҳақида кетяпти, - деди Дилшод Жўразода.

«Kazakh Invest» компанияси бошқаруви раиси Ержан Елекеев Тошкент халқаро инвестиция форуми каби платформалар ўзаро фикр алмашиш, ишончни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёни ягона инвестициявий макон сифатида илгари суришда ёрдам беришини таъкидлади.

- Биз аниқ бир саволга жавоб бериш учун тадқиқот бошлашга қарор қилдик: ҳозир Марказий Осиё инвестиция киритишга арзийдими? Марказий Осиё давлатлари бошқа минтақаларга нисбатан қанчалик рақобатбардош? Шахсан ўзим ушбу тадқиқотни бошида турганман, лекин у ҳали чоп этилмаган. Рақамларга қўшимча равишда айтадиган бўлсам, мен бутун дунё бўйича жуда кўплаб инвесторлар билан суҳбатлашиш имконига эга бўлдим ва натижалар жуда қизиқарли бўлди. Биз минтақадаги мамлакатларни бир-бири билан тўғридан-тўғри солиштирмаймиз – аммо амбиция даражаси, етуклик, иқтисодий барқарорлик ва институционал ривожланиш даражаси ҳаммада ҳар хил эканини яхши тушунамиз. Агар бутун минтақага инвестиция киритишга имконият бўлганида, нима учун битта мамлакат ҳақида ўйлаш керак? У ҳолда инвестицияларни айнан қаерга жойлаштириш керак? Рақамлар бўйича бутун минтақа аҳолиси Туркия билан, ЯИМ билан Малайзия, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва савдо бўйича Таиланд билан солиштириш мумкин, - дейди The Boston Consulting Group ҳамкори ва директори Константин Полунин.

StoneX'нинг Ривожланаётган бозорлар бўйича катта таҳлилчиси Хуан Пабло минтақанинг бугунги кундаги кўринишини тасвирлаб берди: иқтисодий ўсиш - юқори ва ишончли. Ташқи иқтисодий кўрсаткичлар юқори пул ўтказмалари ва товар бозорларидаги қулай шароитлардан фойда кўради. Давлат қарзи жозибадор зонада - қарз олиш чегараси йўқ, қарз даражаси паст ва валюта захиралари юқори. Минтақанинг фундаментал кўрсаткичлари жуда яхши.

- Аммо биз ўзимизга савол беришимиз керак бўлган асосий савол: минтақа бошқа ҳудудларни қандай қилиб ютиб чиқиши мумкин? Ҳозир дунёда рақобат кучли. Маслаҳатим эса иккита нарсага эътибор қаратишдир: институционал куч ва шаффофлик, – дея қўшимча қилди Хуан Пабло.

Сессия Марказий Осиё давлатларининг жаҳон инвестиция бозорида рақобатбардошлигини кучайтиришга интилиши ва хорижий ҳамкорлар учун шаффоф, олдиндан айтиб бўладиган ва самарали муҳит яратишга тайёрлигини тасдиқлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг