Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиардга ошириш мўлжалланмоқда

Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиардга ошириш мўлжалланмоқда

Душанбе шаҳрида 12 март куни Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Икки мамлакат Бош вазирлари бошчилигида ўтган йиғилишда Президентлар – Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларимиз дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат руҳида жадал ривожланиб бораётгани, улар томонидан кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилгани таъкидланди.

Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ошиб бормоқда. Ўтган йили унинг ҳажми 757 миллион долларга етди. Келгусида ўзаро савдони 1 миллиард долларга етказиш учун биргаликда барча чораларни кўриш лозимлиги, бунга саноат кооперацияси, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт-логистика соҳаларида қатор қўшма лойиҳаларни изчил амалга ошириш орқали эришиш мумкинлиги қайд этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон-Тожикистон халқаро чегара савдо зонасини яратиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини учинчи мамлакатларга экспорт қилиш учун чегара ҳудудларида улгуржи тарқатиш марказларини яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, агросаноат, тўқимачилик, фармацевтика, кимё, металлургия, электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш юзасидан мавжуд имкониятларни ишга солиш лозимлиги белгиланди.

Мажлисда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётгани, айни пайтда Олий даражадаги учрашув арафасида Ўзбекистон-Тожикистон иккинчи ҳудудлараро форумини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани маълум қилинди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат чегарадош ҳудудларида қўшма қишлоқ хўжалиги кластерларини ташкил этиш ва ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдорлигини билдирди.

Транспорт-коммуникация соҳаси қўшма савдо-иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, дўст халқларимиз ўртасидаги биродарлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда эса маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик муҳим омил бўлиши қайд этилди.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 11-йиғилиши баёни имзоланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг