Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

Солиқ кодексининг 356-моддасига қўшимча киритилиши нимани ўзгартиради?

Солиқ кодексининг 356-моддасига қўшимча киритилиши нимани ўзгартиради?

Фото: «Akademiya.uz»

2017 йилнинг 6 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида туризмни қисқа ва ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини яхлит амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилган эди. Мазкур йиғилишда мамлакатимизда сайёҳлик соҳаси учун қулай шароитларга хизмат қиладиган вазифалар белгилаб берилган.

Шу асосда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 356-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси тайёрланди.

Мазкур Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 356-моддасига сайёҳлик хизматларини кўрсатувчи хўжалик субъектларининг солиқ солинадиган базасидан онлайн тарзда бронлаштириш ва сотиш хизматларини кўрсатиш учун дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимларини жорий қилишга йўналтирилган маблағлар қийматининг камайтирилишини кўзда тутадиган тегишли қўшимча киритилган.

Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётининг учдан бир қисмини эгаллаб турган туризм соҳасида электрон тижоратнинг ўрни борган сари ортиб бормоқда.

Хусусан, электрон тижорат — туризмнинг қуйидаги асосий хизматларини амалга ошириш имконини беради:

— чипталарни онлайн сотиб олиш;

— меҳмонхоналарга буюртма бериш ва жойларни бронлаштириш;

— туризм пакетларини сотиб олиш ва буюртма бериш;

— транспорт хизматларини сотиб олиш ва буюртма бериш ва бошқалар.

Иккинчидан, хориж мамлакатларининг тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётнинг муайян бир соҳасини, шу жумладан, электрон тижорат билан фаол интеграция қилиш орқали туризмни ривожлантиришда мақсадли солиқ имтиёзларини тақдим этишда давлат сиёсати муҳим рол ўйнайди.

Мисол учун, Буюк Британияда туризм соҳасидаги корхоналар даромад солиғини 33 фоиз ўрнига 25 фоиз тўлашади.

Францияда туризм корхоналари қўшимча қиймат солиғидан, Германияда эса тижорат солиғидан, Бразилияда сайёҳлик корхоналари қўшимча қиймат солиғидан, хизмат кўрсатиш солиғидан ҳамда молиявий операциялар бўйича солиқдан озод қилинган.

Халқаро тажрибанинг ўрганилиши шуни кўрсатдики, МДҲ мамлакатларининг солиқ кодексларида айнан сайёҳлик хизматларини онлайн бронлаштириш ва сотиш бўйича дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимларининг жорий қилиниши учун солиқ имтиёзларининг берилиши мавжуд эмас.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикасида ҳозирги кунда 835 та меҳмонхона ва 516 та туроператор мавжуд бўлиб, уларнинг беш фоизи мижозларга онлайн бронлаштириш ва бир фоизи онлайн сотиш хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда бир қатор хорижий (Европа ва МДҲ) давлатларнинг тажрибалари ўрганиб чиқилган.

Бундан ташқари Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив–ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш портали — www.regulation.gov.uz сайтида жойлаштирилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши қуйидаги натижаларни беради:

биринчидан, сайёҳлик хизматларини онлайн бронлаштириш ва сотиш бўйича дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимларини жорий қилиш бўйича зарур шароитлар яратилади;

иккинчидан, электрон тижорат инфратузилмасини ривожлантиришни рағбатлантиришга ҳамда туризм хизматларини онлайн бронлаштириш ва туризм маҳсулотларини онлайн сотиш бўйича хизматлар кўрсатадиган субъектлар сонининг ошишига олиб келади;

учинчидан, туризм соҳасида кўрсатиладиган хизматлар сифати ва тезлиги ошади ҳамда туризм хизматлари нархлари пасаяди, бу эса ўз навбатида уларнинг рақобатбардошлилиги ошишига олиб келади;

тўртинчидан, туризм фаолияти билан шуғулланувчи субъектлар томонидан сайёҳлик хизматларини онлайн бронлаштириш ва сотиш бўйича яратилган дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимларини жорий қилишга йўналтирилган харажатларни солиқ солиш базасига қўшмаслик натижасида 3,4 млрд. сўмга яқин маблағлар тежаб қолинади.

Қонун лойиҳаси ўрнатилган тартибда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан (Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Молия ва Адлия вазирликлари) келишилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг ижобий хулосаси олинган.

Мазкур қонун лойиҳаси туризм хизматларини онлайн бронлаштириш ва сотиш бўйича дастурий маҳсулотларни ва ахборот тизимларини ривожлантириш ҳамда жорий қилиш учун инвестициялар киритишни рағбатлантирувчи зарур шароитларни яратишга қаратилган.

Вазирлик илгари сураётган Қонун лойиҳаси ҳукумат раҳбарияти томонидан маъқулланган тақдирда, кўриб чиқиш учун Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига тақдим қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг