Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Томорқадан самарали фойдаланган одам боқиманда бўлмайди»

Шавкат Мирзиёев: «Томорқадан самарали фойдаланган одам боқиманда бўлмайди»

Фото: Президентнинг матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Музработ туманидаги «Янгиобод инвест сервис» хусусий корхонаси фаолияти билан танишди.

Парранда етти хазинанинг бири, аҳолининг кундалик истеъмол товарлари бўлган гўшт ва тухум таъминоти манбаи. Ушбу маҳсулотларни мўл ва арзон қилиш мақсадида жойларда паррандачилик корхоналари ташкил этилмоқда.

Фото: Президентнинг матбуот хизмати

Яқинда Музработ туманида ҳам ана шундай комплекс ишга туширилди. 10 гектар майдонда еттита товуқхона, иккита жўжахона ва маъмурий бинолар қурилиб, 220 гектар ер озуқа етиштириш йўлга қўйилди. Натижада 500 минг бош товуқ боқиш, 1 миллион 735 минг дона жўжа парваришлаш имконияти яратилди. 150 киши иш билан таъминланди. Шу кунларда 1000 тонна сиғимга эга музлаткич омборхона фойдаланишга топширилади.

Келгусида товуқ гўштидан сосиска, пар ёстиқ ва кўрпалар, озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари корхона фаолиятини кенгайтириш, вилоятнинг бошқа туманларида ҳам шундай мажмуалар ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

Корхонада хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда биогаз ва биоўғит ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган. Унинг натижасида мажмуа ўзини газ билан таъминлаш имконига эга бўлиб, 50 та қўшимча иш ўрни яратилади.

Фото: Президентнинг матбуот хизмати

Шу ерда Сурхондарё вилоятида эртапишар маҳсулотлар етиштириш ва экспортга чиқариш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигига оид бошқа лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президентимиз томорқачилик бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Сурхондарё вилоятида 400 мингта хонадонда 48 минг гектар ер бор. Жорий йилда биринчи экинлардан 644 минг тонна ҳосил олинди. Вилоят иқлим шароитида, кичик иссиқхоналар ташкил этиш орқали бемалол уч марта ҳосил олиш, экспорт қилиш мумкин. Бу қарийб 150 минг гектар ердан фойдаланиш билан баробар.

Масалан, бу йил мамлакатимиз тарихида биринчи марта картошка экспорт қилиш йўлга қўйилди. Сурхондарё вилоятида 270 минг тоннадан зиёд картошка етиштирилди. Унинг 100 минг тоннасини экспорт қилиш режалаштирилган.

Фото: Президентнинг матбуот хизмати

– Томорқачилик озиқ-овқат маҳсулотларини арзон қилиш, инфляция даражасини пасайтиришда таянч нуқталардан бири. Бу орқали қанча одам ишли бўлади, оилаларга даромад, барака киради. Томорқадан самарали фойдаланган одам боқиманда бўлмайди, бой бўлади. Бунинг учун тизим яратилган, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан тақдим этилган, жойларга бориб, арпа, буғдой, сули ва макажўхори донидан ем ишлаб чиқарадиган мобиль заводни ҳам кўздан кечирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг