Шавкат Мирзиёев Қаршидаги саноат лойиҳалари билан танишди (фото)
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифининг иккинчи куни Қарши шаҳридаги «Қавали» кичик саноат зонасида жойлашган бир қатор корхоналар билан танишди.
Саноат зонасининг ер майдони олти гектар бўлиб, муҳандислик инфратузилмаси яхши ташкил этилган, транспортга жуда қулай. Шу боис ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда.
Ҳозир бу ерда қурилиш материаллари, мебелсозлик, тўқимачилик, фармацевтика ва чарм саноати йўналишидаги 11 та лойиҳа жойлаштирилган. Шундан тўрттаси ишга туширилган бўлиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Давлатимиз раҳбари улардаги иш жараёнини, маҳсулотларни кўздан кечирди.
«Pegas» корхонасида темирни қайта ишлаш, лак-бўёқ, эшиклар ҳамда текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ушбу лойиҳанинг қиймати 13 миллиард сўмдан зиёд бўлиб, бу ерда 150 та янги иш ўрни яратилди. Корхона маҳсулотларига ички бозорда талаб юқори. Кейинги босқичда қурилиш соҳасида муҳим саналган бошқа хомашёлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада яна шунча янги иш ўрни яратилади.
«1-сон комплекс лойиҳа қурилиш-монтаж» хусусий корхонаси ҳам қурилиш материалларига ихтисослашган. Умумий қиймати 18,5 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа йилига қарийб 2 миллион квадрат метр профнастил ва 250 минг квадрат метр сэндвич панеллар ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада ҳозирда 45 киши меҳнат қилмоқда. Маҳсулот ҳажми ортиши эвазига келгусида иш ўринлари сони ортиши мўлжалланмоқда.
«Karshi W and D Factory» корхонасида 50 турдаги эшиклар, юмшоқ ва қаттиқ мебеллар ишлаб чиқарилади. Бу лойиҳага 8,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, Германия, Туркия ва Хитойдан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган. Корхонада 26 та янги иш ўрни яратилди.
Саноат зонасида яна еттита инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Улар ишга тушса, яна 725 нафар аҳоли бандлиги таъминланади.
Президентимиз шу ерда Хитой давлатидан келтирилган замонавий автобус ва микроавтобусларни кўздан кечирди. Тадбиркор Нарзулло Намозовнинг айтишича, 60 ўринли автобусларга талаб юқори. Қашқадарёга ундан 30 та олиб келинган, жами 100 тага етказиш режалаштирилган. Келгусида бундай қулай автобуслар Қарши – Шаҳрисабз ва Қарши – Китоб йўналишларида қатнай бошлайди.
Давлатимиз раҳбари ҳунарманд-тадбиркор Дилором Қувватова билан ҳам мулоқот қилди. Узоқ йиллар хорижда ишлаган бу аёл тадбиркорларга яратилаётган имкониятларни эшитиб, юртимизга қайтиб келган. Бугун унинг бошчилигида тикилаётган кўрпа-ёстиқ, тўн ва бошқа маҳсулотлар воҳада харидоргир.
Д.Қувватова тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлардан мамнунлигини, келгусида иш ўринларини 300 тага етказишни мақсад қилганини айтди.
Шу ерда Қашқадарё вилоятида 2024 йилга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Хусусан, келгуси йил тўғридан-тўғри хорижий сармоя ва кредитлар эвазига жами 4 миллиард долларлик 36 та йирик лойиҳа, 656 миллион долларлик 114 та ҳудудий лойиҳа шакллантирилган. Улар нефть-газ, кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва қурилиш саноати, туризм, қишлоқ хўжалиги тармоқларида бўлиб, асосан, маҳаллийлаштириш ва қайта ишлашдаги бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter