Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шакар нархининг кескин ошиши мумкинлигига расмий изоҳ берилди

Шакар нархининг кескин ошиши мумкинлигига расмий изоҳ берилди

Фото: Xabar.uz

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда ички бозорда 1 кг шакарнинг ўртача нархи 9 500 – 13 000 сўм доирасида шаклланмоқда, шунингдек, айрим савдо нуқталарида шакар нархининг 14 000 сўмгача кўтарилгани кузатилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон бозорларида шакар нархининг ошиши юзасидан кўплаб хабарлар тарқалди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳолат юзасидан расмий маълумот берган.

Хабар берилишича, қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида шакар нархи 52 фоизга (сўм эквивалентида қўшни мамлакатларда 14 000 сўмдан 21 000 сўмгача) ўсиши билан бир қаторда, ушбу маҳсулот тақчиллиги билан боғлиқ муаммо ва хатарлар юзага келаётгани кузатилмоқда.

«Бозор иқтисодиёти шароитида ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг минтақа ва бошқа давлатлар иқтисодиётлари билан ташқи савдо борасида ҳамкорликнинг кенгайиб ва эркинлашиб бориши ҳолатида мамлакат ичидаги нархларни қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди», дейилади расмий изоҳда.

Билдирилишича, жорий йил мамлакатда шакар ишлаб чиқариш ҳажми январь-май ойларида ўтган йил шу даврига нисбатан 35 минг тонна ёки 16 фоизга кўпроқни (224 минг тоннадан 259 минг тоннагача ошган), яъни таклиф ҳажми ошганлигига қарамай (биржа орқали сотилган ҳажм 177 минг тоннадан 186 минг тоннагача кўпайган) шакар нархи, асосан, ташқи омиллар таъсирида ўсиши кузатилган.

Вазирлик изоҳида айтилишича, республикада шакар танқислиги мавжуд эмас ва ички бозорни йил якунига қадар шакар билан тўйинтириш бўйича барча захиралар яратилган.

Жумладан, шакарга бўлган талабнинг мавсумий ошиши шароитида (мева-сабзавотларни консервация қилиш мавсуми) нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа савдоларига чиқариладиган шакар ҳажми жорий йил июнь ойидан бошлаб 50 фоизгача оширилади. Биржадаги савдоларга қўйилаётган шакар ҳажми амалдаги 2 000 тоннадан 3 000 тоннагача оширилади.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Тошкентда қолипли нон нархи 2800 сўмгача кўтарилганди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг