Қарз. Нима у?
Юрагим сезиб турибди: кейинги йилларда ташқи қарзимизнинг ортиб бораётганлиги атрофида турли-туман фикрлар билдирилаётган, ҳар хил «миш-миш»у «маш-маша»лар содир бўлаётган бир пайтда саволнинг бу тарзда қўйилиши айримлар учун ўринсиздек туюлади. Орамизда «Бунинг «ташқи қарз муаммоси»га нима дахли бор?», - дегувчилар ҳам топилади. «Ёпирай! ХХI асрда ҳам шу саволнинг жавобини билмаганлар ҳам бор эканми?», - дея ажабланувчилар ҳам йўқ эмас...
Нима десангиз, денг: лекин бу масалада Сизни қўллаб-қувватлай олмайман. Зеро, «ташқи қарз»га нисбатан фикрларни «дадил» билдираётганлар, аввало, қарзнинг ўзи нима эканлигини тўғри талқин қилиши керак. Унинг мазмун-моҳиятини тўғри идрок этмоқлари лозим. Акс ҳолда, узр, «ит ҳураверади — карвон ўтаверади». Бунинг устига, қарзнинг асл мазмун-моҳиятидан бехабарларга унинг таркибий ва ўта қалтис қисми бўлган «ташқи қарз» тўғрисида гапиришни, маъзур тутасиз, ким қўйибди?!...
Хавотир олманг: Сизларга атаб «қарз масаласи»да китобий маъруза ўқимоқчи эмасман; ҳар хил илмий ибораларни ишлатиб, бошингизни оғритиш — ниятим ҳам йўқ; улардан — йироқман. Аксинча, уни «қўқонча» қилиб, оддийгина тушунтирмоқчиман, холос.
Аввало, қарз — бу зарурий эҳтиёжларни қондиришнинг азал-азалий воситаси. Ундан ота-бобомиз, етти пуштимиз тугул ва ҳатто одам Ато ва момо Ҳаво замонлариданоқ фойдаланиб келинган бўлса — ажабмас. Нега? Чунки у ўзига хос — «мўъжиза». Қарзнинг мўъжизакорлиги шундаки, у ёрдамида чексиз эҳтиёжларни қондириш имкони бор. Унинг ёрдамида, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳатто, Ойни ҳам (фақат бу ерда «Лоф ҳам эви билан-да!», - деманг), қўлга киритишимиз мумкин. Фақат уни бизга қарзга берувчи (буни «Ножиддий!», - деб қабул қилманг) бўлса — бас...
Қарз, одатда, икки томон ўртасидаги муносабатларни ифодалайди. Биринчи томон «Қарз берувчи» номига эга бўлса, иккинчи томон «Қарз олувчи» дейилади. Шулар ўртасида «умумий тил» топилса, бир тўхтамга келинса, истаганча қарз бериш ва шунча қарз олиш мумкин...
Қарз, жумладан, пулнинг ҳам ҳаракатланишини тезлаштиради. Унинг айнан шундай бўлиши кераклигидан ҳар иккала томон (аслида, ҳамма) ҳам — манфаатдор. Демак, у «манфаатлар муштараклиги»га эришиш — усули. Унга эришилса, «тоғни уриб, талқон қилиш» — ҳеч нарса эмас...
Ҳаётда доимо бир томонда «Кимга қарз берсам?» ва иккинчи томонда «Кимдан қарз олсам?», - дегувчилар бўлади. Тўғри, биз иккинчисига кўпроқ ишонамиз-у, бироқ ҳали биринчисини унчалик ақлимиз бовар қилмайди. «Бировга қарз берганимдан кўра, пулимни бошимга ёстиқ қилганим яхши!» «фалсафа»си бизда устунлик қилади. Аслида, бундай «фалсафа»нинг нотўғри эканлигини идрок этиш унча кўп ақлни талаб этмайди. Бунинг учун, ҳеч бўлмаса, дунё барча «танга»ларининг нега айнан айлана (учбурчак, тўртбурчак, квадрат, ромб ва ҳ.к. шаклларда эмас) шаклида эканлига эътибор бериш ва ундан тегишли тўғри хулосани чиқаришнинг ўзи — кифоя. «Танга айлана экан — айланаверсин!» (буни «Пул доимо айланиши керак!», - деб ўқинг). «Улар»да — шундай мақол бор ва у — бежиз айтилмаган...
Қарз бу — масъулият, демак. У қарз берувчи ва шуни олувчига ҳам баб-баробар тегишли. Ҳар иккала томон ҳам шуни ҳис этмаса, албатта, «нимаси»дандир ажралиб қолади. Буни эса, «танасида иссиқ жони бор» ҳар бир томоннинг истамаслиги — табиий...
Қарз бериш ҳам ва қарз олиш ҳам — «санъат». Фақат хохиш-истак ёки «иштаҳа»нинг бўлиши, бу ерда, «явно» — камлик қилади. Уларнинг ҳар бири, энг аввало, пухта ҳисоб-китобни, сўнг эса «девор ортидаги кўча»ни кўришни тақозо этади. Шунингдек, у оқиллик чегарасидан четга чиқмаслиги ҳам керак. Буни билмаганлар ва уддалай олмаганлар қарз бермаганлари ва уни олмаганлари — маъқул...
«Ўзбекистон ташқи қарзининг ортиб бораётганлиги»дан «ташвиш»га тушаётган «дўст»ларим! Бу масалада «старт»ни юқоридагилардан келиб чиқиб олинг-чи, «финиш»ингиз қандай бўлар экан?...
«Азиз»лар! Юқоридаги фикрларим билан «ташқи қарз» масаласида доноликни даъво қилмоқчи эмасман. Унга «диагноз»ни қўйиш ёки тайёр «рецепт»ни бериш — хаёлимга ҳам келмаган. Уларда фақат ҳаёт синовларидан муваффақиятли ўтган ва аксиома характерига эга бўлган «иқтисод алифбоси» акс этди, холос. Уларсиз ёки уларни эътиборга олмасдан билдирилган фикр — ўзининг мантиқий асосига эга эмас. У эса Сизу бизни кўзлаган мақсадимиз сари етакламайди.
Р.S. Навбатдаги «чиқиш»имизда Ўзбекистон ташқи қарзининг ортиб бораётганлигидан «хавотир»га тушаётганлар томонидан билдирилаётган ва жуда кўпчиликни асоссиз чалғитаётган айрим «фикр»ларга муносабат билдириш ниятимиз бор. Кузатиб боринг. Кўришгунча...
Тоҳир МАЛИКОВ
иқтисод фанлари доктори, профессор
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter