Президентни хурсанд қилган ташаббус
Форел балиғининг бир хусусияти бор — у зарарланган сувни биринчи бўлиб ҳис қилади. Кўпинча токсик ифлосланган сувни аниқлашда айнан шу усулдан фойдаланишади — форел бундай сувга тушгани ҳамоно ўлади. Шу боис ҳам бошқа балиқлардан фарқли ўлароқ, уни боқиб кўпайтириш жуда қийин. Намангандаги «DB Group Eco» МЧЖ таъсисчилари мана шу мураккаб ишнинг уддасидан чиқа олишди.
Бунинг учун тинчгина оқаётган дарё сувидан озгинасини шунчаки буриб олиш кифоя бўлди.
Албатта айтишга осон, аммо тадбиркорлар Норин дарёсининг хусусиятидан устамонлик билан фойдалангани ҳам ҳақиқат. Гап шундаки, ёзнинг энг жазирама вақтида ҳам дарё сувининг ҳарорати 10 даражадан ошмайди. Бу эса кислородга бой, тоза ва муздек сувни хуш кўрувчи форел балиғини кўпайтиришда қўл келади. Шу боис аввалига Учқўрғон туманидаги дарё бўйича махсус ҳовузлар қуриб олинди. Сўнгра махсус жиҳозлар ўрнатилди, увилдириқни ундириш учун лаборатория ташкил этилди.
Ҳовуз шундай қурилдики, унга бир томондан дарё суви мунтазам кириб туради ва бошқа томондан чиқиб кетади. Қимматбаҳо форел балиғи мана шундай муҳитда яйраб-яшнаб ўсади. Атроф-муҳитга ҳам ҳеч қандай зарар йўқ, ортиқча сарф-ҳаражат ҳам қилинмайди.
Дастлабки увилдириқ 2018 йилнинг декабрида Даниядан олиб келинди. Махсус консерваланган увилдириқ дастлаб лабораторияда ундирилди. Сўнгра уч ой давомида қуёш нури тегмайдиган жойда балиқчалар катта бўлди. Сўнгра ҳовузга қўйиб юборилди. Орадан бир ярим йил ўтгач ниҳоят дастлабки форел балиғи Ўзбекистондаги супермаркетларга сотувга чиқарилди. Нархи ҳам қиммат эмас — бир килограмми 50 минг сўм атрофида.
Форел етиштириш анча қиммат соҳа. Ҳозирча Ўзбекистонда бу балиққа озуқа ишлаб чиқарилмаяпти. Аммо яқин вақтлар ичида озуқа ишлаб чиқарадиган етакчи компаниялар билан ҳамкорликда қўшма корхона ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, форел увилдириғини ҳам корхона ишлаб чиқаради. Бу ҳам ўз навбатида маҳсулот таннархи тушишига сабаб бўлади.
— Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташриф буюрган эди. Ўшанда ушбу корхона тақдимотини ўтказдик. Президент жуда катта хурсандчилик билан лойиҳамизни қўллаб-қувватлади ва бизга 20 гектар ер ажратишни ҳокимиятга топширди. Корхонамиз олдига эса 2018 йил охирига қадар ишга тушириш вазифаси қўйилди. Биз бу топшириқни бажардик ва қарийб бир ярим йилда илк ҳосилни олишга эришдик. Ҳозирги вақтда хориждан ҳамкорлар қизиқиши мавжуд ва маҳсулотларимизни Сингапурга экспорт қиламиз, — дейди «DB Group Eco» таъсисчиси Азизбек Даминов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter