Президент йиғилиш ўтказди: истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни кимё саноатида амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва янги лойиҳалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиётида олиб борилаётган таркибий ўзгаришлар бугун натижадорликка айланмоқда. Хусусан, кимё саноатида сўнгги беш йилда умумий қиймати 2 миллиард 100 миллион долларлик 16 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 3 мингта янги иш ўрни яратилди. Яна бир муҳим жиҳати, соҳага хусусий сектор кириб келиб, улар томонидан 45 миллион долларга тенг 8 та лойиҳа ишга туширилди.
Шу беш йилда кимё саноатида ишлаб чиқариш 1,5 баробарга, экспорт ҳажми 190 миллион доллардан 310 миллион долларга кўпайди. Корхоналарнинг умумий соф фойдаси 8 баробардан зиёд ўсиб, жорий йил якуни билан 1 триллион сўмдан ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 февралдаги қарорига мувофиқ келгусида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Навоий ва Фарғона вилоятларида яна 4 та юқори қийматли товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган технологик кимё кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Уларда углерод, полиэфир ва ацетат толаси, поливинилацетат, калий нитрати каби 20 дан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Йиғилишда ушбу кластерлар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари бу лойиҳалар тармоқдаги улкан имкониятларга нисбатан етарли эмаслигини, инвестиция жалб этиб, маҳсулотларни кўпайтириш мумкинлигини таъкидлади.
Келгуси йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 12 триллион сўмга, экспортни 380 миллион долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Соҳани рақамлаштириш, корхоналарда операцион харажатлар ва энергия сарфини қисқартириш орқали маҳсулот таннархини камайтириш вазифаси қўйилди.
Қайд этилганидек, умумий қиймати 740 миллион долларлик 4 та йирик лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланади. Шунингдек, келгуси йилда суюқ комплекс ўғитлар, карбамид формальдегид смоласи, гидроксипропил-метилцеллюлоза, кальций хлорид каби янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мутасаддиларга ушбу лойиҳалар ижросини доимий назоратга олиш бўйича кўрсатма берилди.
Корхоналарни трансформация қилиш, уларга замонавий технологиялар ва бошқарув тизимини жорий этиш ишларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Янги корхоналарни кадрлар билан таъминлаш ҳам муҳим масала. Шу мақсадда келгуси йилда 6 минг нафар олий ва ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш мўлжалланган. Тармоқдаги 6 та корхона негизида ўқув марказлари ҳамда Чирчиқ шаҳрида ишчи-мутахассислар тайёрлаш мажмуасини ишга тушириш белгиланган.
Мутахассисларни кимё саноатининг бугунги ривожи ва иш берувчининг талаблари асосида тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда белгиланган вазифалар бўйича тегишли ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси таъминланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter