Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент командаси, тадбиркорлар билан ишлаш ва калит ҳақида тушунтириш — Шуҳрат Абдураҳмонов интервью берди

Президент командаси, тадбиркорлар билан ишлаш ва калит ҳақида тушунтириш — Шуҳрат Абдураҳмонов интервью берди

Фото: Xabar.uz

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бугун ОАВ вакиллари билан кўришди ва интервью берди. Суҳбат давомида Андижонни қийнаб турган муаммолар, озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадбиркорлар маҳсулотни арзон сотишга мажбурланаяптими ёки йўқ — шу саволларга жавоб берилди.

— Президент қарорларини бажаришда менимча Андижон вилояти бошқа вилоятлардан фарқ қилса керак. Чунки андижонликлар меҳнатсевар, агар уларга ўрнак кўрсата олсангиз, халқни эшитсангиз, албатта ортингиздан эргашади.

Андижонда Президент командаси шаклланган, деб бемалол айта оламан. Ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, ҳукумат томонидан чиқариладиган қандай қарор ва фармонлар бўлса, барчасини бажаришга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Халқимиз ҳам аста-секинлик билан бўлса-да, биздан рози бўляпти. Тўғри, ҳаммани ҳам рози қилиб юбордик, дея олмайман, аммо шунга ҳаракат қиляпмиз.

— Вилоятни қийнаб турган муаммолар нимада?
— Андижон Ўзбекистоннинг бир фоиз ҳудудида жойлашган, аммо бу ерда мамлакат аҳолисининг 10 фоизи истиқомат қилади (Xabar.uz томонидан аниқлик киритилишича, Андижон вилоятида 3 127 683 нафар фуқаро истиқомат қилиб, бир километр квадрат жойга 744.7 киши тўғри келади). Аҳоли зичлиги жиҳатидан Асака ва Шаҳрихон туманлари нафақат Ўзбекистон, балки дунёда олдинги ўринларда туради. Аммо бу билан биз муаммолар гирдобидамиз, демаган бўлардим. Шу билан бирга қиладиган ишимиз ҳам бошқаларга нисбатан кўпроқ экани ҳам аниқ.

Биз бир қаватли уйларни бузиб, кўп қаватлисини қуришга мажбурмиз. Шу билан бирга иш ўринлари яратишга ҳам эътибор катта. Хусусан, 2020 йилда ўз олдимизга қўйилган вазифаларни ортиғи билан бажаришга муваффақ бўляпмиз. Бу бизнинг ютуғимиз. Ҳозир камбағалликдан чиқариш бўйича катта иш олиб боряпмиз. Бу борада қийналяпмиз, деб айтмаган бўлардим. Чунки Президент бирор топшириқ берса, албатта унинг ечимини ҳам кўрсатиб беряпти. Ҳар қандай лойиҳанинг асоси ва молия манбаси бор. Биз фақат ишни тўғри йўлга қўйсак бўлгани.

— Озиқ-овқат хавфсизлиги борасида асосий юк барибир тадбиркорга тушяпти. Ваҳоланки тадбиркорнинг фақат битта мажбурияти бор — солиқ тўлаш. Аҳолига арзон нархда маҳсулот етказиб берган тадбиркор кейинчалик касодга учраши хавфи йўқми?
— Мен кеча сессияда ҳам айтдим, бу йил озиқ-овқат захирасини жамғаришда мутлақо бошқача йўл тутиляпти. Дарҳақиқат илгари сиз айтганингиздек ҳамма юкни юз фоиз тадбиркор елкасига илиб қўярдик. Унга кредитлар берардик ва захира маҳсулот шакллантиришни топширардик. Аммо шахсан ўзим, ҳоким сифатида ўша маҳсулотини арзон нархда сотишини талаб қила олмасдим. Чунки унинг фаолиятига аралашишга ҳаққим йўқ эди. У бугун картошкани 3 минг сўмдан олиб келган бўлсаю нарх ошиб кетгач, 5 минг сўмдан сотса, унга таъсир ўтказа олмасдим. Тадбиркор керакли маҳсулот миқдорини шакллантирарди, аммо ўзи истаган нархда сотарди.

Бу йил эса шахсан ўзим вилоят бюджетидан 10 миллиард сўм ажратдим ва бу ҳали бошланиши. Ҳокимлик озиқ-овқат захирасини шакллантиряпти. Қирғизистондан 3250 минг сўмдан картошка олиб келяпмиз. Шу билан бирга етишмаётган маҳсулотларни келтириш учун тадбиркорларга ҳам маҳаллий бюджетдан субсидиялар ажратилмоқда. Улар зарар кўрмаслиги учун шундай иш қилиняпти.

Шу вақтга қадар ҳали ҳеч қачон ҳокимликнинг ўз захираси бўлмаган. Шу вақтгача давлат захираси бўлган, аммо ҳокимлик захираси йўқ эди. Мана энди шу ишга қўл урдик. Вилоятга 9,5 минг тонна картошка зарур бўлиб, ҳокимлик шундан 3 минг тоннасини захира қилиб олиб қўймоқда. Бу маҳсулот феврал-март ойларигача омборда турибди. Кеча омбор калити менда турибди, деганимда шуни назарда тутгандим. Биз бу картошкани баҳорга яқин савдога чиқара бошлаймиз. Агар нарх кўтарилиб кетадиган бўлса, захирада турган маҳсулотни дарҳол бозорга чиқарамиз ва вазиятни ўнглаймиз. Менга ҳеч қандай фойда керак эмас, халқимиз рози бўлса бўлди. Бу менинг пулим эмас, халқнинг пули.

Президентимизга раҳмат, ҳозирда маҳаллий бюджетда пул қоляпти. Илгари ҳокимларда пул бўлмасди. Энди эса маҳаллий бюджетдан ортган пул ўзимизда қоляпти. Ҳозир битта рақамни айтаман, учинчи чорак якуни билан вилоятда 50 миллиард сўм пул бор. Озиқ-овқат хавфсизлиги учун бу пулдан керак бўлса яна ажратамиз.

Андижонда бирор тадбиркор «Ҳоким маҳсулотларимизни арзон сотишга мажбурлаяпти», дея олмайди. Биз шунчаки «Даладан дастурхонга» тамойили остида арзонлаштирилган расталар ташкил қиляпмиз. Аммо бозор ичида тадбиркорлар ўз маҳсулотини истаган нархда сотяпти. Бемалол бориб кўришингиз мумкин, — деди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг