Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзсаноатқурилишбанк ва Сбербанк корпоратив университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди

Ўзсаноатқурилишбанк ва Сбербанк корпоратив университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди

Ўзсаноатқурилишбанк ва Сбербанк корпоратив университети (Россия) ўртасида банк тизимига раҳбар ходимлар тайёрлаш ва улар малакасини оширишга қаратилган ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги «2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги фармони ҳамда мазкур ҳужжат асосида тасдиқланган шу мазмундаги стратегияда тижорат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш масалаларида халқаро молия институтлари ҳамда салоҳиятли хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб бориш ва битимлар тузиш, кадрларни бошқаришнинг корпоратив стратегиясини такомиллаштириш ва банк кадрларини узлуксиз ўқитиш тизимини жорий қилиш масалалари алоҳида ўрин олган.

Ўзсаноатқурилишбанк тизимида ушбу вазифалардан келиб чиқиб кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Хусусан, трансформация жараёнини муваффақиятли якунлаш мақсадида биргина Россия Федерациясидаги ўнга яқин молия муассасаси билан яқиндан шериклик муносабатлари ўрнатилган.

Улар орасида Россия Сбербанки билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари эътиборга моликдир.Бугунги кунда томонлар ўртасида савдони молиялаштириш бўйича олиб борилаётган ҳамкорлик натижасида 14,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳалар молиялаштирилган. Россия рубли ва АҚШ долларида очилган «Ностро» вакиллик ҳисоб рақамлари мижозларга хизмат кўрсатишда қўл келмоқда.

Эндиликда Сбербанк билан ҳамкорлик ходимлар малакасини ошириш борасида ҳам самарали кечади.
Сбербанк корпоратив университети билан тузилган меморандумга мувофиқ, Банк томонидан трансформация жараёнларини муваффақятли якунлаш, шу жумладан, иқтидорли ва истиқболли ёш мутахассисларни танлаб олиш, кадрларнинг мақсадли захирасини яратиш ва уларнинг нуфузли хорижий молия институтларида стажировкаларини ташкил этиш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва молиявий хизматлар кўрсатишда юқори технологияли воситаларни кенг қўллаш кўзда тутилган.
Ушбу битимга кўра, томонлар ўртасида ўқув курслари ва малака ошириш дастурлари ишлаб чиқилади.

Банкнинг иқтидорли ва истиқболли мутахассислари учун Сбербанк корпоратив университетига стажировкалари ташкил этилади.

Банк Ахборот хизмати

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг