«Ўзмиллийбанк» ва Буюк Британиядаги «Standard Chartered Bank» ўртасида 100 миллион долларлик шартнома имзоланди
Жорий йилнинг 6 июл куни «Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат» халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида «Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки» акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда «Ўзмиллийбанк» деб юритилади) томонидан «Investor Day» – «Янги Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти» халқаро конференцияси ташкил этилди.
Ушбу тадбир доирасида «Ўзмиллийбанк» Буюк Британиянинг етакчи «Standard Chartered Bank» банки билан «Multilateral Investment Guarantee Agency» (MIGA) жаҳон экспорт-кредит агентлиги қамровига кредит линиясини жалб қилиш тўғрисида битим тузди.
Маълумот учун: MIGA экспорт – кредит агентлиги ва Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси. Институт ривожланаётган мамлакатлар учун жалб қилинган кредит линиялари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўйича турли мамлакатларнинг молия институтлари билан ҳамкорлик қилади.
MIGA экспорт-кредит агентлигининг асосий афзаллиги – маълум бир мамлакат таркибига талабнинг йўқлиги, бу эса истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш имкониятини мослашувчан тарзда тузишга имкон беради.
Иккала томон ўртасида эришилган келишув ўз йўналиши бўйича эксклюзив бўлиб, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун узоқ муддатли кредит линияларини жалб қилиш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш имкониятини беради.
«Standard Chartered Bank» кредит линияси кичик ва ўрта бизнеснинг муқобил энергетика, электротехника, тўқимачилик, транспорт, телекоммуникация ва бошқа соҳалардаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида янги иш ўринлари яратилиши, юқори қўшимча қийматга эга экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва импорт ўрнини босиш таъминланади.
«Standard Chartered Bank» Буюк Британиянинг энг йирик банкларидан бири бўлиб, 1969 йилда ташкил этилган. Банк активлари 820 миллиард доллардан ошади, капитал 50 миллиард доллар ва фойда – 2,9 миллиард доллардан иборат. Банк халқаро бозорда маҳсулотлар ва хизматларнинг барча асосий турларини тақдим этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter