«Ўзмиллийбанк» Андижон вилояти ривожига ҳисса қўшмоқда
Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, янги корхоналар ташкил этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги уй-жойлар қуриш, қўйингки, барча йўналишларда эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларда банклар, хусусан, «Ўзмиллийбанк» АЖ, унинг вилоят бош бошқармаси ҳамда ҳудудлардаги Банк хизматлари марказлари фаол иштирок этиб, эришилаётган ижобий натижаларга муносиб ҳисса қўшмоқда.
«Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Андижон вилоятига ташкил этилган пресс-тур доирасида ана шу йўналишдаги ишлар билан яқиндан танишилди.
Пресс-тур қатнашчилари дастлаб Андижон шаҳридаги «DOCTOR S PREMIUM» масъулияти чекланган жамиятига қарашли «SEHAT» клиникасида бўлдилар.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш, аниқ ташхис қўйиш ва даволаш йўналишида умумий қиймати 3 миллиард 900 миллион сўм бўлган лойиҳа доирасида ташкил этилган мазкур клиникани зарур тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминлаш учун «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан 1 миллиард 900 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган.
- Клиникамизда урология, травматология, гинекология, нейрохирургия, стомотология сингари ўндан ортиқ йўналишларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади, - дейди клиника бош шифокори Шавкатбек Анваров. – Тўртта жарроҳлик блокимиз бўлиб, улар Германия, Туркия, Франция давлатларида ишлаб чиқарилган энг замонавий, илғор тиббий аппарат ва ускуналар билан жиҳозланган. «Ўзмиллийбанк»нинг молиявий кўмаги билан харид қилинган ушбу аппаратлар жарроҳлик амалиётларини тез, сифатли, аниқ ва ишончли амалга ошириш, аниқ лаборатория таҳлилларини олиш имконини берди. Жорий йилда яна янги-янги йўналишларда иш ташкил этиш режаларимиз бор. Ишонаманки, ана шу ишларни йўлга қўйишда ҳам молиявий кўмакчимиз «Ўзмиллийбанк» яқиндан ёрдам беради.
Банк кўмагида амалга оширилган мазкур лойиҳа доирасида иш бошлаган клиникада айни кунда 60 нафардан ортиқ киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Пресс-тур иштирокчилари ташриф буюрган иккинчи объект Андижон шаҳридаги «STEM SCHOOL» нодавлат таълим муассасаси бўлди.
- Муассасамиз 2021 йилда ташкил этилиб, 2022 йилда иш фаолиятини бошлади, - дейди тадбиркор Абдурасул Исмоилов. – Бу ерда ўқувчиларнинг ўқиши, пухта билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Ўқувчилар IT йўналиши бўйича чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. «Ўзмиллийбанк» таълим муассасамизни жиҳозлаш, компьютер жамланмалари харид қилишимизда яқиндан ёрдам берди. Банк томонидан ажратилган 2 миллиард сўм кредитга синф хоналаримиз замонавий стол-стуллар, доскалар билан жиҳозланди, компьютер хоналари ташкил этилиб, 60 дан ортиқ замонавий компьтерлар харид қилинди. Бундан ташқари, ахборот-ресурс маркази фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур марказ ҳам кўплаб ўқув-услубий қўлланмалар, электрон адабиётлар билан таъминланди.«Ўзмиллийбанк» фаолиятимизни доимий равишда қўллаб-қувватлаб келмоқда, умуман, биз банк хизматидан хурсандмиз.
Мазкур нодавлат таълим муассасаси иш бошлаши билан 21 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.
Кейинги йилларда Андижон вилоятининг туристик салоҳияти ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, гострономик туризм йўналиши ривожланиб бормоқда. «Ўзмиллийбанк» АЖ Андижон вилояти Бош бошқармасининг молиявий кўмагида иш бошлаган Андижон шаҳридаги «MERHABA KEBAB» ресторани фаолияти бунга яққол мисолдир.
Банк томонидан ажратилган 624 миллион сўм кредит ҳисобига ресторанда асосан, ўзбек ва турк миллий таомлари тайёрланади. Бугун ушбу масканда тайёрланаётган турли-туман таомларнинг бетакрор мазасидан нафақат андижонликлар, балки Андижонга ташриф буюраётган кўплаб сайёҳлар ҳам баҳраманд бўлмоқда.
Айни кунда ушбу масканда 10 нафардан ортиқ ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлган.
Пресс-тур иштирокчилари Андижон шаҳридаги «ROBOCODE» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Жамият банкнинг 600 миллион сўм миқдордаги молиявий кўмагидан фойдаланиб, IT академияси фаолиятини йўлга қўйган. Юзлаб ёшлар IT соҳасида билимлар олаётган ушбу масканда 10 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter