«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев «Татаристон нефть ва газ-кимё форуми–2021» доирасида «ТАНЕCО» АЖ Бош директори Илшат Салахов билан музокаралар ўтказди (Фото)
Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган «Татаристон нефть ва газ-кимё форуми–2021» доирасида Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ўзбекнефтгаз» АЖ делегацияси «ТАНЕCО» мажмуасининг ишлаб чиқариш майдонларига ташриф буюрди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси «ТАНЕCО» АЖ Бош директори Илшат Салахов ҳамда «КАМА ТИРЕС» компанияси раҳбарияти билан учрашиб, ўзаро музокаралар ўтказди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ делегациясини қабул қилган «ТАНЕCО» АЖ Бош директори Илшат Салахов ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнлари билан шахсан таништириб, корхона фаолияти, эришилаётган ютуқлар борасида маълумотлар берди.
Учрашувда замонавий нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё корхонаси бўлган «ТАНЕCО» АЖ ишлаб чиқариш базасида мавжуд бўлган 20га яқин сифатли маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши билан танишиб чиқилди.
Корхона томонидан АИ–92, АИ–95, АИ–98 автомобиль бензинлари, «Евро–5» дизель ёқилғиси, РТ, ТС–1, ЖЕТ А–1 марка авиация керосини, II ва III гуруҳли таянч мойлари ишлаб чиқарилиши ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида замонавий технологиядан фойдаланиш борасида фикрлар алмашилди.
Ушбу учрашув доирасида енгил автомобиллар, енгил юк машиналари, юк машиналари (комбинацияланган ва қаттиқ пўлат), қишлоқ хўжалиги ва саноат шиналари, шунингдек, асосан диаметри 22,5 дюйм бўлган пўлатдан ясалган янги авлод моделларни ўз ичига олган шиналар ҳам ишлаб чиқариши ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш жараёнлари ҳам ўрганилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, «ТАНЕCО» АЖ ва «КАМА ТИРЕС» ОАЖ «Татнефть» таркибидаги компаниялар гуруҳига киради ва биргина ўтган йилда «КАМА ТИРЕС» корхоналарининг конвеерларидан 10,9 млн долларлик маҳсулотлар чиққан.
Ташриф давомида томонлар икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, нефть -кимё, конларни ўзлаштириш, нефтни қайта ишлаш, шунингдек, автомобиль шиналари ишлаб чиқариш соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасини муҳокама қилишди.
Бошқарув раиси «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнини янада ривожлантириш учун хорижий корхоналарда амалиётда қўлланилиб келинаётган ахборотлаштириш, рақамлаштириш жараёнларини ҳам ўрганди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ўз навбатида «ТАНЕCО» АЖ Бош директори Илшат Салаховга халқаро ҳамкорлар ва маслаҳатчиларнинг бевосита иштирокида Ўзбекистонда, яъни Қашқадарё вилоятида нефть ва газ-кимё кластерини яратиш лойиҳасини амалга оширилаётгани борасида сўзлаб берди.
Бошқарув раиси энг замонавий технологиялар ва хомашёни қайта ишлашда атроф -муҳитга мутлоқо салбий таъсир кўрсатмаслик борасида қиниаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Учрашув якунида томонлар узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик бўйича қўшма йўл харитасини ишлаб чиқиш ва соҳада икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун доимий иш режасини яратишга келишиб олдилар.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter