Ўзбекистонда риэлторлик ташкилотлари «синмоқда»ми?
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталига «Invest Ko‘chmas Mulk Savdo» МЧЖ директори номидан мурожаат келиб тушди. У Ўзбекистонда риэлторлик ташкилотлари қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлиб қолганини айтмоқда. Қуйида ушбу мурожаатни тўлиқлигича тақдим этамиз. Мутасадди ташкилотлар кўтарилган масалани ўрганиб чиқишади, деб умид қиламиз.
Риэлторлик ташкилотлари ҳозирда «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонунга асосан лицензия асосида кўчмас мулк соҳасида тегишли хизмат турларини амалга ошириб келмоқда. Уларда 15-20 йиллик тажриба ва малака сертификатига эга бўлган мутахассислар фаолият юритади. Риэлторлик ташкилотлари лицензияга асосан 4 та фаолият турини амалга ошириши белгилаб қўйилган. Ҳозирда онлайн аукцион савдоларнинг йўлга қўйилиши натижасида риэлторлик ташкилотлари томонидан кўчмас мулк объектлари савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш деярли имконсиз бўлиб қолди.
Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган нотурар кўчмас мулк объектларининг олди-сотди шартномалари, ижара шартномаларини тузишда ҳам риэлторлик хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилган. Лекин 2019 йил 1 февралдан эътиборан кадастр маълумотномаларини, олди-сотди шартномаси тузиш учун солиқ ва электр энергияси бўйича маълумотномани, олди-сотди шартномаси тузилган кўчмас мулк ҳақидаги ахборотни интернет орқали юбориш каби онлайн хизматлар ишга туширилди. Шу сабабли риэлторлик ташкилотлари олдида бир қатор муаммолар пайдо бўла бошлади. Ушбу қулай имкониятларнинг йўлга қўйилиши билан ундан фойдаланишни назарда тутувчи барча меъёрий ҳужжатларда риэлторлик ташкилотлари назардан четда қолиб кетмоқда.
Бундан аввал риэлторлик ташкилотларида «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига асосан тегишли ташкилот ва корхоналарга ёзма мурожаат юбориб, маълумот талаб қилиш ҳуқуқи мавжуд эди. Эндиликда онлайн хизматларнинг ривожланиб бориши туфайли ташкилотлар томонидан ёзма маълумот тақдим қилиниши чекланиб бормоқда ва риэлторлик ташкилотлари ўзига зарур маълумотларни тўплашда чорасиз бўлиб қолмоқда.
Риэлторлик ташкилотлари эндиликда имконият даражасида квартира, ҳовли, нотурар бинолар ва бошқа турдаги кўчмас мулклар сотиш ва сотиб олишда ўз хизматлари ҳажмини ошириб кўришга уриниши мумкин. Бироқ бу соҳада риэлторлик ташкилотларининг мақоми ноқонуний уй-жой олди-сотдиси билан шуғулланувчи маклерлар билан бир хил даражада бўлиб қолди. Энди улардан устунлик қилувчи ҳуқуқлар мавжуд эмас, фақат лицензия бор холос. Ноқонуний уй-жой олди-сотдиси билан шуғулланувчиларга қарши кураш эса ҳеч қайси ташкилот томонидан назоратга олингани йўқ.
Шу ва шунга ўхшаган муаммо ва камчиликларни инобатга олиб, «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиш, давлат ташкилотларининг марказий маълумотлар базасидан ва «Электрон ҳукумат» тизимидан фойдаланишда риэлторлик ташкилотларини эътиборга олиш лозим деб ҳисоблаймиз. Уларга ҳам кимошди ёки танлов савдоси ташкиллаштирилганда, олди-сотди ва ижара шартномалари тузилганда, ўз базасида сотувга жойлаштирилган мулк ҳақида холис ва тўлиқ маълумотга эга бўлиш ҳуқуқи берилиши лозим.
Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
- Кўчмас мулк объекти бўйича интернет тармоғидан кадастр маълумотномаси олиш учун логин ва парол бериш;
- Кўчмас мулк объектининг тақиқда эканлиги ёки эмаслиги ҳақидаги маълумотни олиш учун логин ва парол бериш;
- Кўчмас мулк объектининг олди-сотди шартномасини тузиш учун электр энергияси, газ, сув каби коммунал тўловлардан қарздорликлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигии тўғрисида маълумотни олиш учун логин ва парол бериш;
- Турар жойларда рўйхатда турувчилар тўғрисида онлайн маълумотларни олиш учун логин ва парол бериш;
- Нотурар кўчмас мулк объектини бошқа шахсга ўтиши ва бекор бўлиши ҳақидаги ахборотни 1 кун муддатда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг тегишли филиалига интернет тармоғи орқали тақдим этиш учун логин ва парол бериш;
- Ноқонуний уй-жой олди-сотдиси билан шуғулланувчи маклерларга қарши курашишни йўлга қўйиш, уни кучайтириш ва риэлторлик ташкилотларини бу борада улардан устунлигини таъминлашда меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш киритиш ёки ишлаб чиқиш лозим.
Равшан Нишонов,
«Invest Ko‘chmas Mulk Savdo» МЧЖ директори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter