Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида муҳим ҳужжатлар имзоланди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида муҳим ҳужжатлар имзоланди

Бош вазирлар Абдулла Арипов ва Алихан Смаилов.

Марказий Осиё минтақаси бўйича савдонинг 80 фоизи Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келмоқда. Айни чоқда савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш имкониятлари мавжуд. Бу ҳақда 5 май куни Тошкентда ўтказилган икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг йигирманчи йиғилишида қайд этилди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов раислигида ўтган мажлисда икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойиллари асосида фаол ривожланаётгани таъкидланди.

Бунда президентлар Шавкат  Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари муҳим омил бўлаётгани урғуланди.

Охирги беш йилда товар айирбошлаш икки баравардан ошган. Хусусан, ўтган йили унинг ҳажми 4,6 миллиард долларни ташкил қилган.

Ўзбекистон бош вазири иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришда саноат кооперацияси муҳим ўрин тутишини қайд этди.

Қозоғистон ҳукумати раҳбари транспорт инфратузилмаси, хусусан, Хитой–Қозоғистон–Ўзбекистон йўналишида темирйўл лойиҳаларини амалга ошириш ҳақида гапирди.

Йиғилишда энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мажлис якунида бир қатор ҳужжатлар, жумладан, «Марказий Осиё» саноат кооперацияси халқаро тузилмасини ташкил қилишни тезлаштиришга доир йўл харитаси ҳамда меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида биргаликда саъй-ҳаракатлар режаси тасдиқланди. 

Аввал хабар берганимиздек, икки қардош давлат чегарага яқин ҳудудларда савдо зоналари ташкил этиш лойиҳасини ҳам амалга оширмоқда. Мазкур зоналарда икки давлат фуқаролари учун кирди-чиқди муҳрларини олмай олди-сотди қилиш имконияти яратилиши режалаштирилган.

Жорий йил февраль ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон бош вазирлари Алматида учрашиб, товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш истиқболини муҳокама қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов 5 май куни президент Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг