Ўзбекистон (ташқи) қарзи: ҳушёрликка чақиришми ёки ваҳима уруғини сочиш?
Яқинда мамлакатимиз қарзи 19,4 млрд. АҚШ долларига тенг эканлиги, унинг бу даражаси ЯИМнинг 34,0%ини ташкил этиши, бу қарзнинг 17,3 млрд. АҚШ доллари ёки 90,0% ташқи қарз эканлиги эълон қилинди-ю, «кимлар»нингдир «пайтавасига қурт тушди». «Баъзи бировлар» ваҳимага туша бошлашди. Бошқалар эса бундан ўзларининг «хавотир»да эканликларини изҳор қилиб, «Нега ундай қилиняпти?» қабилидаги саволларини бера бошладилар. Орамизда бундан «ташвиш»ланиб, «Уни — ундоқ, буни — бундоқ қилиш керак!» тарзида ўз «тавсия»ларини бераётганлар ҳам топилаяпти.
Нима бу? Бизни ҳушёрликка чорлашми? Ёки орамизда «ваҳима уруғи»ни сочишми? Балки, Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмасликдир?..
Не бўлганда ҳам, уларнинг нима эканлигини англаш учун, энг аввало, эътиборингизни қуйидаги рақамларга қаратмоқчиман: дунёнинг энг тараққий этган мамлакатларидан бири бўлган Япониянинг давлат қарзи ЯИМга нисбатан ўтган йил якунлари бўйича 236,6%ни ташкил этган. 2020 йил охирига келиб, унинг 250,0%га чиқиши кутилмоқда; эълон қилинган маълумотларга кўра, Евроҳудудда давлат қарзининг ЯИМга нисбатини ифодаловчи кўрсаткичнинг даражаси 2020 йилнинг 1-чорагида ўртача 86,3% фоизни ташкил этган; давлат қарзининг ЯИМга нисбати энг юқори бўлган ЕИ давлатлари қаторига Греция — 176,7%, Италия — 137,6%, Португалия — 120,0%, Бельгия — 104,4% ва Франция — 101,2% кабилар киради.
Энди юқоридаги рақамларга асосланган менинг қуйидаги фикрларимга эътибор беринг: «қарз масаласи» шунчалик «ёмон» бўладиган бўлса, ЯИМга нисбатан деярли 235,0-250,0%ли қарзга эга японлар нега «жим»? 175,0%ли қарзни «кўтариб юрган» греклар нега ўз «эътироз»ларини билдиришмаяпти? Қарийб 120,0-140,0%ли қарзга «яқинлашиб қолган» португал ва итальянлар нега «айюҳаннос» солишмаяпти? Нима, 100,0-105,0%ли қарзни «орқалаб юрган» бельгиялик ва французлар оғзига «талқон» солишганми? Ёки уларнинг бари бир куни келиб қарзнинг «бошга битган бало» бўлишини бизчалик билишмайдими? Биздан «ааааанча» олдин бозор қонунларига риоя этиб келаётган бўлишига қарамасдан, улар биздан кўра соддами? Нега биз, бор-йўғи, 34,0%ли қарзга эга бўлиб, ўзаро «жар» солишимиз керак?..
Гарданига шунчалик «қарз юки» юкланган бўлишига қарамасдан японлар, греклар, португаллар, бельгияликлар, французлар ва ҳ.к.лар аллақачонлардан буён «ялло» қилиб юришмаяптими? Ўзлари эришган иқтисодий кўрсаткичлари билан улар бутун дунёни ҳайратга солишмаяптими? «Қарзга ботган» бу давлатлар маҳсулотларининг сифатлилиги ва аҳоли турмуш даражасининг юқорилигига нима дейсиз?..
«Қачон бизда ҳам ўшалардагидек бўлар экан?» — деб биз орзу қилаётган мамлакатлар фуқаролари яхши яшаётганлигининг сабабларидан бири улар давлатларининг «қарз олиш»дан қўрқмаслиги эмасми? Жумладан, қарзнинг ижобий жиҳатларидан муваффақиятли фойдаланиб, салбий жиҳатларининг олдини олишга ҳар қадамда тайёр туриб, улар ана шундай ҳавас қилинадиган натижаларга эришмаяптиларми? Биз ҳам шу йўлдан борсак, бунинг нимаси ёмон?..
Бундай вазиятда давлат қарзига нисбатан «ҳушёрликка чақириш» ёки «ваҳима уруғи»ни сочиш, наҳотки, мақсадга мувофиқ бўлса?..»
Тоҳир МАЛИКОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter