Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан 59 миллион доллар қарз оляпти
Кеча, 19 апрель куни Ўзбекистон президентининг «Осиё тараққиёт банки иштирокида «Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-124-сон қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорни амалга ошириш учун Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки билан 59 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз олиш бўйича дастлабки келишувга эришди.
Бунда Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида олинадиган товарлар божхона божидан озод қилинган.
Лойиҳани амалга ошириш муддати 5 йилни (2023-2027 йиллар) ташкил этади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилиши, ОТБ қарзларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъул бўлган ижро этувчи орган сифатида белгиланган.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
«Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури» лойиҳасини техник-иқтисодий асослашнинг асосий техник-иқтисодий параметрлари;
«Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури» лойиҳаси бўйича Осиё тараққиёт банки қарзини сўндириш ва фоизларни тўлашнинг прогноз жадвали;
«Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури» лойиҳаси доирасида Осиё тараққиёт банки қарзини 2028 йилдан бошлаб қоплаш юзасидан улушлар тақсимотининг прогноз жадвали;
«Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури» лойиҳаси 2-компоненти доирасида Осиё тараққиёт банки қарзи бўйича хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш юзасидан улушлар тақсимотининг прогнози.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter