Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Миллий банкининг илк еврооблигациялари халқаро капитал бозорида жойлаштирилди

Ўзбекистон Миллий банкининг илк еврооблигациялари халқаро капитал бозорида жойлаштирилди

Фото: Ўзмиллийбанк

«Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ Лондон фонд биржасида 5 йиллик 300 миллион долларга тенг еврооблигацияларни муомалага чиқарди ва шу билан халқаро капитал бозорининг тўлақонли иштирокчисига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида, банк тизими ва капитал бозорини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигига, шу жумладан тижорат банклари узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилиш мақсадида халқаро капитал бозорига чиқиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Халқаро капитал бозори мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда ва хорижий инвестицияларни кенг миқёсда жалб қилишда муҳим рол ўйнайди. 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси суверен еврооблигацияларининг муваффақиятли жойлаштирилиши, маҳаллий корхоналарга, шу жумладан Ўзмиллийбанкка ҳам халқаро бозорларга чиқиши учун янги истиқболларни очиб берди.

Фото: Ўзмиллийбанк

Бугунги кунда, Ўз миллий банк халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этиш ва иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, устувор ва стратегик ахамиятга эга инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича республиканинг етакчи банкидир.

Еврооблигацияларнинг дебют эмиссияси Ўзмиллийбанк томонидан Citibank (АҚШ), Natixis (Франция), SMBCNikko (Япония) ва Газпромбанк (Россия) каби халқаро миқёсда тан олинган андеррайтинг банклари билан биргаликда амалга оширилди.

Жорий йилнинг 12-13 октябрь кунлари бўлиб ўтган роуд-шоу тадбири доирасида АҚШ, Европа, Россия Федерацияси ва Осиё мамлакатларининг 70 дан ортиқ глобал халқаро инвесторлари иштирокида глобал аудиоконференция (Global Investor Call) ўтказилди. Ушбу тадбир доирасида Молия вазирлиги ва Ўзмиллийбанк вакиллари хорижий инвесторларга жорий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёти ва банк секторида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни тўғрисида, хусусан, Ўзмиллийбанк томонидан еврооблигациялари чиқарилиши нафақат банк, балки бутун мамлакат учун долзарблиги таъкидлаб ўтилди.  Шунингдек, 12 га яқин йирик халқаро инвесторлар билан яккама-якка учрашувлар ташкил этилди ва уларнинг саволларига тўлиқ жавоб берилди.

2020 йил 14 октябрда инвесторларнинг таклифларига асосланган молиявий консультантларнинг тавсиясига кўра, Ўзмиллийбанкнинг илк даромадлилик фоиз ставкаси 5 - 5.25% (low-5%) белгиланди ва Лондон вақти билан соат 08:15 да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинди. Лондон вақти билан 17:00 да банк томонидан чиқарилган халқаро облигациянинг якуний фоиз ставкаси ва купони аниқланди.  Сармоядорлар томонидан талаб катта бўлганлиги ва бу эмиссия ҳажмидан икки баравар юқори бўлганлиги сабабли, купоннинг якуний қиймати йилига 4,85%ни ташкил этиб, савдо пайтида бошланғич фоиз ставкадан 0,30% га камайди.

Банк томонидан еврооблигацияларнинг бундай муваффақиятли жойлаштирилиши мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро инвесторлар томонидан ижобий баҳолаётганлигидан далолатдир.

Банк томонидан жалб қилинган маблағларни иқтисодиётнинг стратегик ахамиятга эга бўлган йирик инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга ва тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтириш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун: еврооблигация – бу хорижий инвесторлар орасида халқаро андеррайтерлар синдикатининг ёрдами билан жойлаштирилган, эмитент учун чет эл валютасида чиқарилган қарз мажбуриятидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг