Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон жорий йилда 1,5 миллиард долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилади

Ўзбекистон жорий йилда 1,5 миллиард долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилади

Фото: «Mehnat.uz»

Ўзбекистон йил охирига қадар қиймати бир ярим миллиард АҚШ долларига тенг бўлган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилмоқчи. Бу ҳақида «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компанияси бош директори Султон Назаров «Халқ сўзи»га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатимиз май ойида бу борада мисли кўрилмаган натижаларга эришди. Хорижга қарийб 150 миллион долларлик 120 минг тонна маҳсулот жўнатилди.

«Одатдагидек Қозоғистон ва Россия асосий ташқи бозоримизга айланди. Етказиб беришни диверсификация қилиш учун Осиё мамлакатлари, масалан, Хитой, Индонезия, Малайзия ва Жанубий Кореяга экспортни кўпайтиришни режалаштирмоқдамиз. Яқинда хитойлик харидорлар билан 10 минг тоннага ва кореяликлар билан 5 минг тоннага шартнома имзоладик. Бу гилос етказиб бериш бўйичадир», дея қайд этди у.

Компания мутахассислари прогнозига кўра, 2018 йилда экспортга чиқариладиган маҳсулотларнинг 60 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Бу Россиянинг «Магнит», «Меридиан», «Ҳолидей», X5 Retail Group ва бошқа йирик савдо тармоқлари орқали тўғридан-тўғри етказиб бериш ҳисобига, шунингдек, Қозоғистон орқали реэкспорт ҳисобига бўлади.

Экспорт ҳажмини оширишнинг яна бир йўналиши барча ўзбек мева-сабзавотларини UzAgro ягона бренди остида илгари суришдир. Компания Россия ва Дубайга шу бўйича синов етказиб беришларини амалга оширишга улгурди.

«Мазкур бренд маҳсулот сифати ва хавфсизлигига ягона ёндашувни шакллантириш имконини берди. Уни кенг миқёсда илгари суриш учун, энг аввало, маҳаллий кесимда сифат назоратини йўлга қўйишимиз керак. Айни пайтда шу иш билан шуғуланяпмиз. Келгуси йилдан бошлаб маҳсулотларни Uzagro ягона бренди орқали етказиб беришга тўлиқ ўтамиз», деди С.Назаров.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил январь-апрель ойларида Ўзбекистон хорижга 115,9 миллион долларлик мева-савбзавот маҳсулотлари жўнатди. Ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,8 фоизга етди. Шундан 17,3 фоизи мевалар ва 65,6 фоизи сабзавотлар ҳамда 13 фоизи узум ҳиссасига тўғри келди.

Экспорт бўйича Қозоғистон (35,4), Россия (13,3), Афғонистон (12,5), Вьетнам (6,7), Хитой (5,9), Туркия (5,2), Қирғизистон (2,5), Покистон (2,3) ва Эрон (2 фоиз) асосий ҳамкорларга айланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг