Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон иқтисодиёти 2 карра ўсгани қайд этилди

Ўзбекистон иқтисодиёти 2 карра ўсгани қайд этилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Асосий масалага ўтишдан олдин давлат раҳбари ўтган 5 йилда қабул қилинган дастурлар ижроси қандай таъминлангани ҳақида тўхталиб ўтди.

Аввало, Ўзбекистон иқтисодиёти 2 карра ўсиб, 100 миллиард долларлик тарихий маррадан ошди. Аҳоли жон бошига даромад 3 минг долларга етиши кутилмоқда (2018 йилда – 1 минг 600 доллар бўлган).

Хусусан, Жаҳон банки 2024 йилда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёда иқтисодиёти энг тез ўсаётган 3 та давлат қаторидан жой олганини эътироф этди.

Камбағаллик даражаси сўнгги 4 йилда 23 фоиздан 11 фоизга тушди. Бу йил 9 фоизга тушиши кутилмоқда.

Экспорт қарийб 2 баробар ўсиб, илк бор 25 миллиард доллардан, олтин-валюта захираларимиз эса 40 миллиард доллардан ошди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 6 карра кўпайиб, бунинг ҳисобига 1,5 миллионта юқори даромадли иш ўринлари яратилди. Ялпи ички маҳсулотда инвестициялар улуши 30 фоиз даражасида таъминланди.

Олдин тўлиқ давлат тасарруфида бўлган соҳалар, яъни, энергетика, кимё, авиация, геология, металлургия, машинасозлик, таълим ва тиббиётда хусусий секторга ва давлат-хусусий шериклик муносабатларига кенг йўл очилгани уларнинг ривожида кучли омил бўлмоқда.

Айниқса, энергетика соҳасида том маънода тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажми 1,5 карра ўсиб, 83 миллиард киловатт-соатга етгани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.

Сўнгги уч йилда умумий қуввати 2,7 миллион киловатт-соат бўлган 10 та йирик қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди. Муқобил энергия улуши ўтган йилга нисбатан 3 баробар кўпайди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг