ОКМКда импорт ўрнини босиш самарадорлиги 20,1 млн. долларга етди (фото)
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖда маҳаллийлаштириш дастури доирасида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Комбинатда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш асосан икки йўналишда амалга оширилади. Бу биринчи навбатда — комбинатнинг мавжуд ва янги қувватларида ҳамда юртимизда фаолият олиб бораётган корхоналар билан кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобланади.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўтган 2021 йил учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 87 лойиҳа бўйича 161,4 млрд. сўм этиб белгиланган эди. Амалда эса ўтган йилда 87 лойиҳа бўйича 217,2 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, режа 134,5 фоизга бажарилди. Натижада импорт ўрнини босиш самарадорлиги 20,1 млн. долларга етказилди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга ошириб келинаётган маҳаллийлаштириш дастурининг бош ижрочиси Марказий таъмирлаш механика заводи ҳисобланади. Заводда маҳаллийлаштириш доирасида маҳсулот ишлаб чиқариш тизимли равишда кенгайтириб борилмоқда. Бевосита рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, заводда дастур доирасида 2018-2021 йилларда 93та янги маҳсулот турлари ўзлаштирилди. Заводнинг асосий цехларидан бири бўлган механик-йиғув цехида ҳам дастур доирасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинаяпти.
Комбинат ишлаб чиқариш қувватларининг ошиб бориши эвазига таркибий бўлинмалардаги технологик ускуналарга зарур бўлган эҳтиёт қисмларга бўлган талаблар ҳам ошиб бормоқда. Эҳтиёт қисмларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида завод таркибидаги механик-йиғув цехи 2014 йилда 36 метрга 2021 йилда 60 метрга узунликка узайтирилди.
«Цехимизга хориждан шартнома асосида 196та ускуна етказиб берилиши лозим бўлиб, ҳозирги кунда босқичма-босқич ускуналар келмоқда. Бу ерда асосан катта ҳажмдаги эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарамиз. Ишлаб чиқарган эҳтиёт қисмларимиз билан комбинатни тўлиқ таъминлай оламиз. Ўзаро келишув асосида ҳар бир ускуна етиб келгач, хориждан мутахассис бириктирилади. Бириктирилган мутахассис ускунани йиғиш жараёнида тўлиқ иштирок этади. Шундан сўнг ускуна синовдан ўтгач, ўзимиздаги ходимларга барча фойдаланиш йўриқларини ўргатади»,—дейди Механика йиғув цехи бошлиғи Рустам Данияров.
Механика йиғув цехида айни кунларга келиб технологик ишлаб чиқариш жараёнида муҳим аҳамият касб этувчи шестерналар, вал-шестерналар, насосларнинг турли ғилдираклари тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, Саноат темирйўл транспорт бошқармасининг эҳтиёт қисмлари ҳам таъмирланади.
Цех ўз фаолиятини дастлаб Ўрта Осиё минтақасининг Ўзбекистон, Қозоғизстон, Қирғизистон ва Тожикистон республикаларида жойлашган тоғ-кончилик корхоналари технологик транспортларини капитал таъмирлаш ва уларга эҳтиёт қисмлар тайёрлаш билан бошлаган.
«Яқинда «Уралмаш» заводидан оғир юк кўтарувчи кран олиб келдик. Сабаби, бизнинг янги цехда асосан катта ҳажмдаги эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқилгани сабабли, уни инсон кўтариш имкониятига эга эмас. Эҳтиёт қисм ясаш бизда икки босқичда амалга оширилади. Дастлаб темир ўзимизда эритилиб, ярим тайёр маҳсулот қуйилади. Сўнгра, ўзимизда аввалдан бўлган ва янги келтирилган ускуналар ёрдамида тайёр маҳсулот ҳолига келтирилади. Олдинги ишлатилган ускуналаримизда ҳар бир жараён қўлда бажарилган бўлса, бугунги кунда буни автоматлаштирилган ҳолда амалга ошираяпмиз. Мавжуд дастурга бажарилиши керак бўлган иш ҳақида маълумот киритилади ва жараёнга старт берилади. Бу вақтда ускуналар учун бириктирилган махсус ходим жараённи мунтазам кузатиб боради»,— дея қўшимча қилади Р.Данияров.
«Олмалиқ КМК» АЖ Марказий таъмир-механика заводининг тарихи ишлаб чиқариш қуввати йилига 1180 тонна поковка, 1280 тн. миқдорида металл қурилмаларини тайёрлаш ҳамда 3650 тонна миқдорида тайёрламалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводнинг Темирчилик ва Қозон-пайвандлаш цехлари фойдаланишга топширилиши билан бошланади.
Завод қурилмалар, жиҳоз ва ускуналар, автотранспортлар ва махсус техникаларнинг эҳтиёт қисмларини, деталларни механик ишлов берган ҳолда тиклаш, пўлат, чўян ва рангли қуймаларни тайёрлаш, пайвандланган металл конструкция (қурилма)ларни ва ностандарт ускуналарни тайёрлаш, электр шлакли қуйиш қўймаларини қуйиш, тоғ-кончилик қурилма(жиҳоз)ларини ишлаб чиқариш, резина-техника маҳсулотларини гуммирлаш, тошли(жинсли) қуйиш, кон-металлургия комбинатининг эҳтиёжлари учун бошқа иш(вазифа)ларни бажариш мақсадларида ташкил этилган.
Цех ОКМКнинг деярли барча бўлинмалари буюртмаларини тайёрлаб келади ва том маънодаги заводнинг муҳим звеноси ҳисобланади. Ҳар йили янги ўзлаштирилган таъмирларнинг солиштирма ҳажми 25 фоизни ташкил этмоқда.
- Ўтган йили ОКМК томонидан 1,1 млрд долларлик экспорт амалга оширилди. Бу кўрсаткич прогнозга нисбатан 142,4 фоизга етказилди.
- 2021 йилда комбинат томонидан 148,5 минг тонна мис ишлаб чиқарилди, режа 100,3 фоизга бажарилди.
- Олтин ишлаб чиқариш режаси 117,2 фоизга, кумуш 163,6 фоизга, рух ишлаб чиқариш режаси 119,0 фоизга бажарилди.
- 2021 йилда 2,2 млн. тонна цемент ишлаб чиқарилиб, 108,3 фоизлик ўсиш суръатига эришилган.
Маҳаллийлаштириш дастури асосида Марказий таъмирлаш механика заводида 2021 йилда 41та лойиҳа доирасида 82,1 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши белгиланган эди. Амалда эса 144,5 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режавий вазифа 175,9 фоизга бажарилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter