Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нон нархи ошаётгани сабабли оилаларга компенсация тўланади

Нон нархи ошаётгани сабабли оилаларга компенсация тўланади

Фото: «Xabar.uz»

Вазирлар Маҳкамасининг 13 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда эртага, 15 сентябрдан қолипли нон, яъни буханка нархи давлат томонидан эмас, ички бозордан келиб чиқиб нархланиши ҳақида хабар берган эдик.

Қарорга кўра, нон ва ун нархи ошаётгани сабабли аҳолига қулайлик туғдириш мақсадида 2018 йил 1 октябрдан бошлаб:

- ёшга доир, ногиронлик бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болалигидан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, ногирон бўлган 16 ёшгача болаларга нафақа, шунингдек, ёшга доир пенсиянинг белгиланган миқдоридан кам пенсия ва нафақа бўйича ҳар бир нафақа олувчига

- бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича нафақа олувчи ҳар бир оила, ўзини ўзи бошқариш органлари орқали моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилага ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади.

2018 йил 1 октябрдан бошлаб 14 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга болалар сонидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан белгиланадиган нафақа энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан қуйидаги миқдорларда тўланади:

бир нафар фарзанди булган оилага - 60 фоиз;
икки нафар фарзанди булган оилага - 100 фоиз;
уч нафар ва ундан куп фарзанди булган оилага - 140 фоиз;

Пул компенсацияси ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган пенсия ва нафақалар тўланиши учун масъул бўлган органлар томонидан ҳисобланади ва қайд этилган пенсия ҳамда нафақалар билан бир вақтда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.

Шунингдек, заруратга кўра, бозорда дон ва ун нархлари кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида истеъмолчиларга сотиш учун давлат захирасидан дон чиқарилади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимларига кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш шартларига мувофиқ, 2019 йил 1 январгача ҳокимликларнинг захира жамғармалари, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) бюджетлари даромадлари прогноз параметрларининг ошириб бажарилишидан тушган маблағлар ҳисобига оиланинг ҳар бир аъзоси ҳисобга олинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида пул компенсацияси ажратиш ҳуқуқи берилди.

Ушбу тоифадаги оилаларга (шахсларга) пул компенсацияси тегишли ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳисобланади. Бунда қўшимча пул компенсацияси оладиган оилалар (шахслар) сони ушбу қарор 2-бандининг учинчи хатбошида ва 3-бандининг «а» кичик бандида назарда тутилган компенсация олувчилар умумий сонининг 30 фоизидан ошмаслиги керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг