Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ноқонуний сигареталар савдоси давлат бюджетига 5 ойда 260 млрд сўм зарар келтирган

Ноқонуний сигареталар савдоси давлат бюджетига 5 ойда 260 млрд сўм зарар келтирган

Сўнгги пайтларда мамлакатда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдоси ва айланмасига қарши кураш ҳақида кўп ёзилаётган ва ўтказилган тадбирлар натижаси ҳақида қўлга олинган товарлар ҳақида кўп айтилаётган бўлишига қарамай маҳаллий бозорларда контрабанда йўли билан кириб келган алкоголь ва сигареталарнинг улуши камаймаяпти.

Албатта, бу борада олиб борилаётган ишлар ва қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар ҳам, ўз навбатида, ижобий натижаларни кўрсатяпти.

Мисол учун, 2023 йил 4 апрелдаги  ПҚ-110-сон қарорда Ўзбекистон акциз маркаси ва рақамли маркировкаси бўлмаган, контрафакт алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланиши билан бирга Солиқ қўмитасига худди шундай маҳсулотлар савдоси ёки айланмаси ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.

Айни пайтда бундай турдаги маҳсулотлар савдосини фош қилишга доир аризалар Soliq.uz иловасида «Солиқ ҳамкор» тизими орқали қабул қилинмоқда. Аризачилар томонидан берилган хабарлар 10 иш куни ичида кўриб чиқилади ва бунда аризачи маъмурий ҳуқуқбузарлик учун 500 минг ёки ундан кўп, жиноий иш очилганда эса, БҲМнинг 5 бараваригача мукофот олади.

Кузатувлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, одатда давлат чегаралари орқали ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган ва сифати кафолатланмаган контрабанда маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчилар одатда уюшган ҳолатда фаолият олиб борадилар. Афсуски, юқорида таъкидланганидек, уларнинг бизнеси йилдан-йилга бир неча баробарга кенгайиб бормоқда.

Бу борадаги катта рақамлар, жумладан, ноқонуний тамаки маҳсулотларини тарқатиш маркази сифатида кўрилаётган Фарғона водийси (жумладан, Наманган шаҳрида маҳаллий солиқ идораси рўпарасида жойлашган «Сардоба» ва Қўқон шаҳридаги «Навбаҳор» улгуржи бозорлари) ҳамда Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда.

Ўзбекистон тамаки бозорининг 23,1 фоизини, айни кунларда, контрабанда йўли билан кириб келган маҳсулотлар ташкил қилаётган бўлса, уларнинг жамига нисбатан 43 фоизи Фарғона водийсига, 16 фоизи эса Тошкент шаҳрига тегишли.

Таҳлилчиларнинг берган маълумотларига кўра, охирги икки йилда мамлакатда бу каби маҳсулотлар айланмаси 3 баробардан кўпроққа ўсган. Давлат бюджети эса охирги 5 ойда худди шундай товарлар айланмасидан 260 млрд сўм зарар кўрган. Бу 15 та энг зўр мактаб қуриш ёки, дейлик, Жиззах вилоятининг 300 километр узунликдаги автомобиль йўлларини тўлиқ ёки қисман асфальтлаш деганидир.

Амалдаги қонунчилик билан эса айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига сифатсиз, истеъмолга яроқсиз ва контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши курашиш вазифаси юклатилган.

Жумладан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти «хуфия иқтисодиёт»нинг шаклланиш фактларини аниқлаш, яширин цехлар фаолиятига ва контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига чек қўйиш билан шуғулланса, Давлат божхона қўмитаси контрабандага қарши ва контрафакт маҳсулотлар ўтиши, шу жумладан параллел импорт ўтишига қарши курашиш ваколатига эга.

Шунингдек, Солиқ қўмитаси чакана савдо жойларида контрафакт, қалбакилаштирилган ва ноқонуний олиб кирилган маҳсулотлар савдосига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар кўрилиши учун масъул.

Юқоридаги ўкрсатилганидек, ваколатли органларга тегишлича вазифалар юклатилганига қарамай бозорда ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдоси камаймаяпти.  Бунга қонунчиликдаги бўшлиқлар, ваколатли органларнинг фақатгина манфаатдор шахслар аризаси бўйича ҳаракат қилиши кабилар сабаб сифатида кўп бора айтиб келинмоқда.

Хулоса қилиб айтганда ҳар бир масъул идора истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши, қолаверса давлат бюджети кўраётган зарар қаршисида бир хилда масъул ва жавобгар бўлиши керак. Ноқонуний кириб келган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлари бозорини аниқлаш, уларни олиб кираётганларга қарши муросасиз курашиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Чегараларимиз мустаҳкам бўлса, соядаги иқтисодиётни энг қуйи даражагача камайтира олсак, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз, жумладан, тамаки маҳсулотлари ноқонуний айланишининг турли схемалари ва каналларини аниқлашда жонбозлик кўрсатишса, албатта, бу муаммо ҳам ўз ечимини топади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг