Наманган қандай ривожлантирилади? Рақамлар, маълумот ва йўналишлар
Биз — бир гуруҳ журналистлар инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов билан Наманган шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида учрашдик. Бунга қадар у вилоятда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича Президентга ҳисобот берган эди. Шундан сўнг вазир ўринбосари матбуот вакиллари билан ҳам учрашди ва вилоятда яратилаётган янги иш ўринлари бўйича суҳбатлашиб олинди.
Суҳбат аввали брифинг кўринишида бошланди. Азиз Воитов лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди ва фақат шундан сўнг савол-жавоб ўтказилди. Брифинг давомида билиб олганларимиз эса қуйидагилар бўлди.
ЙЎНАЛИШЛАР
Наманганда янги иш ўринлари яратиш ва камбағалликка қарши кураш бўйича ишлар бир нечта йўналишда олиб борилмоқда. Аввало ишчи гуруҳ уч кун давомида вилоятда бўлди ва ҳудудий инвестиция дастури доирасида лойиҳаларни кўриб, Наманганда қайси соҳада ва қайси йўналишда ўсиш нуқтаси борлигини аниқлаб олди. Аниқланган соҳалар бўйича лойиҳаларга пул тикилади ва иш ўринлари ташкил этилади.
ИХТИСОСЛАШУВ
Вилоятдаги ҳар бир туман қайсидир соҳага ихтисослашади. Вазирлик ва тижорат банклари томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ҳар бир туман ўрганиб чиқилди ва кучли ҳамда заиф томонлари аниқлаб олинди. Мана шу ўрганиш асосида кучли томонларни янада ривожлантириш ва заиф жиҳатларни бартараф этиш учун амалга ошириладиган ишларнинг уч йиллик режаси ишлаб чиқилди.
КАСАНАЧИЛИК
Наманганда касаначилик тизими ривожлантирилади. Яъни, йирик тадбиркорларга кредит берилади ва улар касаначиларни иш билан таъминлайди. Масалан, чарм соҳасини олсак — тадбиркор 100-200 хонадонни хом-ашё билан таъминлайди, буюртма беради ва қайта ишланган маҳсулотни ўзи яна сотиб олади. Ёки чорвани оладиган бўлсак — йирик тадбиркор кредит олади ва бир қанча хонадонга соғин сигир етказиб беради. Улар етиштирган сут яна тадбиркор томонидан сотиб олинади ва қайта ишланади. Бу тизим худди кластер-кооперация сингари иш юритади.
КИЧИК БИЗНЕС ЯХШИ РИВОЖЛАНГАН
Наманганнинг ўзига ҳос жиҳати — кичик бизнес яхши ривожланган. Шу сабабли инвестиция комплексидаги учта банк — Асака банк, Миллий банк ва Ўзсаноатқурилишбанк билан ҳамкорликда кичик бизнесни ривожлантириш бўйича хизматлар пакети тақдим этилади.
Шунчаки кредит бериш ва хизматлар пакети тақдим этишнинг қандай фарқи бор? Бу ҳолатда тадбиркорга кредит шунчаки бериб юборилмайди, балки бизнес режа тайёрлаш ва ўқитишда ёрдам берилади. Тадбиркор танлаган соҳа диагностика қилиниб, кучли ва кучсиз томонлари ўргатилиб, сўнгра кредит берилади. Бундай ҳолатда хавф камроқ бўлади ва тадбиркор ҳам керакли билимга эга бўлади.
Яхши биламиз, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг тадбиркорларни ўқитишга қаратилган махсус лойиҳаси мавжуд. Мана шундай лойиҳа водийда ҳам иш бошлади. Тадбиркорлар ўқув курсига боғланади ва бизнесни бошқаришни ўрганади.
БОҒДОРЧИЛИК
Наманганнинг яна бир жиҳати — иссиқхоналар мавжуд, аммо боғлар кўпроқ. Шу соҳа нисбатан яхшироқ ривожланган. Айни вақтда вилоятда 16 100 гектар боғ бор, бироқ шундан 3 300 гектари эскирган, самарасиздир. Мана шу боғлар қайта ташкил этилади ва қўшимча 1 200 гектар адирликдаги ерлар ўзлаштирилиб, томчилаб суғориш тизими жорий этилади. Бу ўринда шунчаки боғ яратилмайди, балки мева-сабзавотни қуритиш ва қайта ишлаш бўйича экспорт-кластер ташкил этилади.
Вилоятнинг муаммоси шундаки, бу ерда 670 тача боғдорчилик корхоналари мавжуд. Аммо улар хориж билан бевосита ишлай олиш даражасида эмас. Айтайлик, Москвадаги «Магнит» каби йирик супермаркетларга маҳсулотини етказиб бера олмайди.
Бу муаммони ҳал қилиш учун махсус тизим ташкил этилмоқда ва унга кўра 13 та йирик экспортерлар танлаб олинди. Улар боғбонлардан ҳосилни йиғиб олади ва қайта ишлаб, хорижга етказиб беради. Вазирлик қошида экспортни рағбатлантириш агентлиги бор. Бу агентлик тадбиркорларга сертификатлар сотиб олишга ёрдам беради. Тадбиркор сертификатга эга бўлгач, супермаркетлар тармоғига тўғридан-тўғри маҳсулот етказиб бера олади.
ЭЧКИЧИЛИК
Шунингдек вилоятда эчкичиликни ривожлантириш кўзда тутилган. Унга кўра юнги қайта ишланадиган 50 мингта ангор эчкиси Наманганга олиб келинади ва кластер ташкил этилади. Юнг қайта ишланиб, охирги тайёр маҳсулот олинадиган тизим яратилади.
Эчкиларни тадбиркорларнинг ўзи боқади. Шунингдек 3 500 та оилага эчки тарқатиш ҳам кўзда тутилган. Улар ишлаб чиқарадиган юнг кластер томонидан қайта сотиб олинади ва хом-ашё сифатида фойдаланилади.
ТРИКОТАЖ
Ўсиш нуқталаридан яна бири трикотаж соҳаси ҳисобланади. Наманганда бу соҳа жуда яхши ривожланган. Лекин энди буларнинг барчасини брендлаштиришга эҳтиёж мавжуд. Бу борада иккита йўл бор — миллий брендни ривожлантириш ёки дунё брендлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Айни вақтда хорижий компаниялар билан иш олиб бораётган маҳаллий тадбиркорлар ва «Ифтихор» ҳамда «Идеал» каби миллий брендлар мавжуд. Мана шу миллий брендларни ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш мумкин.
ТАБИИЙ ҚАЗИЛМА БОЙЛИКЛАР
Наманганда қурилиш соҳасида кўплаб қазилма бойликлар мавжуд. Аммо ҳаммасидан ҳам фойдаланилмайди. Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги вилоятда ва юртимизда қандай қурилиш маҳсулотларига эҳтиёж кучли экани ва нималар импорт қилинаётганини аниқлаб олди. Шундан келиб чиқиб амалга ошириладиган лойиҳалар белгилаб берилган.
Рақамлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак — 234 та лойиҳа учун жами 438 миллиард сўм сарфланади. Натижада 6900 та иш ўрни яратилади.
ХОРИЖДАГИ ВАТАНДОШЛАР
Яна бир йўналиш — хориждаги ватандошлар билан янада яқинроқ ишлаш. Фақат сал бошқача услубда. Энди уларга шунчаки пули бор сармоядор сифатида қаралмайди, балки интеллектуал билим олиш ва ҳамкорлик қилиш режалаштирилган. Бу ҳам қўшимча 1640та иш ўрни беради.
ХУЛОСА
Шу йилнинг ўзида 2148 та лойиҳа амалга оширилиши мақсад қилинган. Бунинг учун 13 триллион сўм сармоя ишлаб чиқаришга қаратилади. Агар мана шу режаларнинг барчаси ишга тушса, 55 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.
Бу бизга нима беради? Яхши биламиз, ҳозир ишсизлар бор, яна хорижда ҳамюртларимиз юрибди. Лойиҳалар амалга ошса, улар юртимизда қолиб ишлаш имконига эга бўлади.
ПРЕЗИДЕНТ ТОПШИРИҒИ
Президентга лойиҳалар ҳақида маълумот берилганда: «Бу режалар яхши, аммо уларни шу йилнинг ўзида амалга оширимиз керак. Келаси йил камида 75 мингта янги иш ўрни яратадиган лойиҳалар қилишимиз керак», — деган топшириқ берилди. Энди шу бўйича ҳам ишлаймиз.
Азиз Воитов барча маълумотларни тақдим этиб бўлгандан сўнг суҳбатнинг савол-жавоб қисми бошланди.
— Лойиҳалар учун киритиладиган сармоянинг манбасига аниқлик киритиб олсак яхши бўларди. Қанчаси хориждан кредит сифатида олинади?
— 13 триллион сўм маблағдан 393 миллион доллари хорижий кредит линияларидан ажратилади. Қолгани маҳаллий тадбиркорларнинг ўз сармояси ёки маҳаллий банклар кредити орқали амалга оширилади.
— Лойиҳаларнинг кўплиги яхши, аммо қишлоқдаги одамлар бундан қандай хабардор бўлади. Бунинг тарғиботи қандай бўлади?
— Яхши савол. Бу бўйича «Лойиҳалар фабрикаси» ташаббуси амалга оширилади. Ҳар бир вилоятда шундай фабрика ташкил этилади. Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлик қилинади ва ҳамкорлик қилаётган банклар вакиллари биргаликда ҳар бир туманни ўрганади. Уларнинг иши тарғибот қилишдан ҳам иборат.
Масалан, Чортоқ тумани ўрганилди ва алоҳида мобил илова ҳамда сайт ишлаб чиқилди. Исталган киши лойиҳалар фабрикасига мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек бизнес бошлашни мақсад қилган, аммо нима қилишни билмаётган тадбиркорлар ҳам бор. Уларга бизнес режалар ишлаб чиқиш, ер керакми ёки хорижий банклар билан алоқа қилиш керакми — барча соҳада ёрдам бериш кўзда тутилган.
— Наманганда иссиқхоналар камлиги ҳақида айтиб ўтдингиз? Бу маълумот қаердан олинди?
— Бу ўринда кам эмас, нисбатан кам, деб ишлатсак тўғри бўлса керак. Масалан, Бухорони олайлик, у ерда алоҳида эркин иқтисодий зона мавжуд. «Бухоро агро»да иссиқхона учун 3 минг гектар ажратилган. Наманганда эса кичик иссиқхоналар кўп. Саноат миқёсида катта жойлар эса камроқ. Асосан кичик ва ўрта тадбиркорлар бу билан шуғулланади. Вилоятда иссиқхона бизнесидан кўра боғдорчилик яхши ривожланган.
— Наманганнинг экспорт географияси асосан қайси йўналишда ишлайди?
— Вилоятнинг мева-сабзавот йўналишини олсак, фақат Марказий Осиё эмас, балки Хитой, Жанубий Корея ва Европага экспорт қилаётган корхоналар ҳам бор. Аввал экспорт соҳасида асосий муаммо нимада эди? Сертификатлар олиш ва бошқалар. Ҳозир бу муаммо ҳал қилинмоқда, фондимиз томонидан субсидия берилмоқда ва тадбиркорларнинг экспорт салоҳияти кенгаймоқда. Наманганлик тадбиркорлар уддабурон, уларга сал далда берсак яна кўплаб давлатларга маҳсулот етказиб бериш мумкин.
— Пандемия экспортга қандай таъсир кўрсатди? Шу ҳақда маълумот бера оласизми?
— Пандемия аввалига соҳага қаттиқ таъсир кўрсатди, кўп корхоналар тўхтаб қолган эди. Аммо бош вазир ўринбосари ҳар бир вилоятга бориб, тадбиркорлар билан ишлади, корхоналар ишга туширилди. Натижада пандемиядан аввалги кўрсаткичларга тез чиқиб олинди. Бизнинг мўлжал бўйича апрел ва май ойларида камайиш кузатилган бўлса-да, ҳозирга келиб яна эски салоҳиятга чиқиб олинмоқда. Ўйлайманки, йил бошида белгилаб олган прогнозимиз амалга ошади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter