«Moody's» агентлиги «Ўзмиллийбанк» АЖ кредит рейтингини «Ba3» даражасида тасдиқлади
«Moody's Investors Service» халқаро рейтинг агентлиги (кейинги ўринларда – «Moody's») «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖнинг (кейинги ўринларда – «Ўзмиллийбанк» АЖ) кредит рейтингини «Ba3» даражасида «Барқарор» прогнози билан тасдиқлади. Ушбу кўрсаткич банк фаолияти трансформациясининг муваффақияти ва банк молиявий операциялари ишончли эканининг яна бир тасдиғи бўлди.
«Moody's» агентлигининг таҳлилий ҳисоботига кўра, «Ўзмиллийбанк» АЖнинг кредитга лаёқати кейинги 12-18 ой давомида барқарор даражада сақланиб қолади. Рейтинг агентлигининг «Ўзмиллийбанк» АЖ рейтингини сақлаб қолиш тўғрисидаги қарорига таъсир кўрсатган асосий омиллар деб қуйидагилар қайд этилди:
- банкнинг молиявий ҳолатининг ишончлилигини кафолатловчи капиталнинг етарлилик даражасининг юқорилиги;
- 2022 молиявий йил якунлари бўйича банк соф фойдасининг ўсиши, шу жумладан, валюта операцияларини амалга ошириш ва кредит харажатларини камайтириш орқали;
- банкнинг давлат томонидан фаол қўллаб-қувватланиши.
Рейтинг агентлиги, банкнинг экологик, ижтимоий ва бошқарув билан боғлиқ кўрсаткичларини (ESG – Environmental, Social, Governance relevance ball) юқори 3-даражада баҳолади. Бу эса банкнинг яшил иқтисодиётни ривожлантиришга, углерод чиқиндиларини камайтириш ва тоза энергия манбаларини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган лойиҳаларни кредитлашда ижобий динамикани тасдиқлайди. Шунингдек, бу кўрсаткич ESG масалалари ўз табиатига кўра ёки уларни бошқариш йўлига қараб банк кредитига нисбатан нейтрал эканлигини ёки банкка минимал кредит таъсир этишини билдиради.
Moody's томонидан «Ўзмиллийбанк» АЖ кредит рейтингининг бундай юқори «Ba3» даражада тасдиқланиши, банкнинг молиявий барқарорлиги ва ишончлилиги, шунингдек, унинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришда аҳамиятга эга инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш жараёнларида муҳим ўрин тутишидан далолат беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter