Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Монополия деб эълон қилмаслик шарти белгиланди

Монополия деб эълон қилмаслик шарти белгиланди

Охирги календарь йилида товарлар (хизматлар)ни сотишдан тушган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 минг бараваридан ошмайдиган юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ёхуд шахслар гуруҳи товар ёки молия бозорларида устун мавқе эгаллаган деб эътироф этилмайди ҳамда уларга нисбатан монополияга қарши чоралар қўлланилмайди.

Табиий монополия субъектлари, давлат харидлари ва биржа савдолари иштирокчилари, маҳсулотларининг нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган хўжалик юритувчи субъектлар бундан мустасно.

Иқтисодиётда рақобат муҳитини янада яхшилаш ва хусусий сектор олдидаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлигининг шу таклифи президент фармонида маъқулланган.

Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қуйидагилар учун молиявий жарималар қўлланилади:

  • товар ва молия бозорида рақобатни чеклашга олиб келувчи келишувлар (келишиб олинган ҳаракатлар) ва иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш;
  • товар ва молия бозоридаги устун (монопол) мавқени ҳамда юқори музокара устунлигини суиистеъмол қилганлик, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларини асоссиз оширганлик ва инсофсиз рақобат;
  • хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) сотиб олиш бўйича битимлар тузишда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик;
  • оммавий савдоларда рақобатга зид ҳаракатлар амалга оширганлик ва монополияга қарши талабларни бузганлик.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда молиявий жарималарнинг аниқ миқдорлари ва уларни қўллаш тартибини назарда тутувчи янги таҳрирдаги «Рақобат тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритади.

Бунда ундирилган молиявий жарималар суммасини тўлиқ Давлат бюджетига йўналтириш ҳамда рақобатга қарши ҳаракатларнинг бошқа турлари учун ҳам жавобгарлик назарда тутилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг