Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Машина учун йиғимлар бекор қилиниши кутиляпти

Машина учун йиғимлар бекор қилиниши кутиляпти

Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг маълум қилишича, Молия вазирлиги 2022 йил бюджет параметрларини шакллантиришда автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун ундириладиган йиғимларни бекор қилишни режалаштирган.

«Бундан бир неча ҳафта аввал, иккиламчи бозордан автомобил харид қилинганда уни бошқа шахс номига олди-сотди шартномаси орқали нотариал расмийлаштириш ҳамда ДЙҲХХ (ГАИ)да рўйхатдан ўтказишда тўланадиган давлат божи ва йиғимлар миқдорининг юқорилиги ҳақида ёзгандим. Шунингдек, ушбу давлат божи ва йиғимлар ставкаларини 2022 йил учун давлат бюджетининг параметрларини шакллантиришда қайта кўриб чиқишни сўраб, Молия вазирлигига депутатлик сўрови юборгандим», деб ёзган депутат.

Ғаниевнинг ушбу сўровига Молия вазирлигидан жавоб келган. Унга кўра, сотиб олинган автотранспорт воситасини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш учун транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда фуқародан ундириладиган бир неча миллион сўмлик тўлов бекор бўлиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, жавоб хатида Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан автомобил олди-шартномасини нотариал расмийлаштириш учун белгиланган давлат божи миқдорлари ҳам қайта кўриб чиқилгани ҳамда уларни пасайтириш юзасидан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгртириш киритиш юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинган.

«Кўриниб турибдики, қонунчиликка юқоридаги ўзгаришларни киритиш орқали 2022 йилдан иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатларини кескин камайтириш ва фуқароларга енгиллик яратиш кўзда тутилмоқда. Кечаги сайлов натижалари ортидан бу яхши хабардан англаш мумкинки, президентлик сайловида ғалаба қозонган Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи президентлик даврида ҳам фуқароларга қулайли яратиш, уларни рози қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида давом этади», деган депутат.

Айни пайтда машина сотиб олиганлик учун давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан (540 минг сўм) 10 бараваригача (2,7 млн. сўм) белгиланган.

Нотариус орқали расмийлаштиришда герб йиғими БҲМнинг 10 фоизи (27 минг сўм) миқдорида белгиланган. Бошқа харажатлар учун 40 фоиз (108 минг сўм) ундирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг