Le Moci: «Ўзбекистон – француз компаниялари учун янги Элдорадо»
Франциянинг халқаро савдога ихтисослашган Le Moci журнали Ўзбекистон ҳақида «Ўзбекистон – француз компаниялари учун янги Элдорадо» сарлавҳаси остида мақола чоп этди.
Бруно Мули муаллифлигидаги мақолада Ўзбекистоннинг хорижий инвестициялар учун очиқлиги сабаб Франция компанияларининг сўнгги вақтларда мамлакат бозорига фаол кириб кела бошлагани қайд этилади. Хусусан, Франциянинг Rungis Semmaris, Suez, Total Eren, Assystem, Orano, Orex Loisirs, Campagnie des Alpes, Geode ва Egis компаниялари Ўзбекистондаги давлат органлари ва ташкилотлари билан ўрнатган ҳамкорлик алоқалари ёритилади.
Дастлаб, Тошкент шаҳрида Франциянинг Carrefour супермаркетлар тармоғининг бирин-кетин 3та дўкони очилганига эътибор қаратилган. 2022 йилга қадар Тошкентда жами 5та супермаркет ва 2та гипермаркет очилиши режалаштирилган. Ушбу тижорий битим 2500та иш ўрни яратиши ҳамда 600га яқин маҳаллий етказиб берувчиларни жалб қилиши таъкидланади.
Rungis Semmaris билан тузилган 15 миллион евролик шартнома доирасида республика бўйлаб 8та агрологистика маркази, хусусан Тошкент, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида мева-сабзавот улгуржи бозорлари ташкил этилади.
Шунингдек, 2020 йилда Suez француз компанияси Тошкент шаҳрининг сув таъминоти ва дренаж тизимини янгилаш бўйича пойтахт ҳокимлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан 7 йил муддатга 142 млн евролик битим тузган.
Мазкур компания сув ресурслари бўйича янги авлод менежерлари ва мутахассиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида «Uzbekistan Water Academy»ни ташкил этиши режалаштирилган.
Мақолада 2019 йилнинг сентябрида Total Eren компанияси электр энергияси хариди ва илк қуёш электр станциясини ишга тушириш бўйича Ўзбекистон билан 25 йиллик шартнома тузгани ёдга олинади. 100 МВт қувватга эга станция Самарқанд вилоятида қурилиб, 150 минг аҳолини энергия билан таъминлаш имконига эга бўлади.
Шунингдек, Франциянинг Assystem компанияси ва Ўзбекистон энергетика вазирлиги мамлакатдаги энергия тизими бошқаруви бўйича ҳамкорликни йўлга қўйган.
Бундан ташқари, 2019 йилда Orano компанияси Ўзбекистонда тоғ-кон қидирув ишлари ва уран қазиб олишни ривожлантириш мақсадида Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси билан ҳамкорлик битими имзолаган. Унга мувофиқ, 51 фоизи Orano компаниясига, 49 фоизи Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасига тегишли бўлган қўшма корхона тузилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида Orex Loisirs, Campagnie des Alpes, Geode ва Egis француз компаниялари консорциуми «Билдирсой–Чимён–Нанай» лойиҳасини амалга оширмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter