Кушербаевнинг Марказий банкка мурожаатини Адлия вазирлиги қоралаб чиқди (видео)
Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев хорижий валютани дам олиш кунлари банклар орқали алмаштиришнинг имкони йўқлигини билдириб, Марказий банкка мурожаат қилган. Бу ҳолатни Адлия вазирлиги кескин қоралаб чиққан.
Депутат Расул Кушербаев шанба куни Янгийўл шаҳрида бир соат давомида валюта айирбошлаш шохобчасини излагани, бироқ уларнинг барчаси ёпиқлиги сабаб 50 АҚШ долларини “қора бозорда” алмаштиришга мажбур бўлганини айтган, бу ҳаракати билан Ўзбекистон қонун ва тартибларини бузгани, ўз ҳаракати учун жавобгар бўлишга тайёр эканини маълум қилган.
Адлия вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинмаган баёнотида «Ҳамкорбанк» АТБ Янгийўл филиали томонидан билдирилган муносабат ҳам илова қилинган. Унга кўра, банк биносида жойлашган валюта айирбошлаш шахобчаси шанба кунлари хорижий валютани сотиб олиш хизматини кўрсатилади.
Лекин ҳанузгача ушбу мурожаатга Марказий банк бирор реакция билдирганича йўқ.
Адлия вазирлиги Ўзбекистон қонуни ва президент фармонидан моддалар келтириб, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддасига мувофиқ жавобгарлик белгиланганини билдирган.
Адлия вазирлиги депутатнинг ушбу ҳаракатини қаттиқ қоралаган. Хусусан, Ўзбекистон ҳудудида белгиланган юқоридаги қоидалар ва қонун талаблари кимгадир қулайлиги ёки қулай эмаслиги, ёқиши ёки ёқмаслиги, унинг фикридан, қарашларидан ва ижтимоий мақомидан ёхуд ҳафтанинг қайси куни эканидан қатъи назар бажарилиши мажбурийлиги эслатилган.
«Депутат Р.Кушербаев томонидан қонун билан жавобгарлик белгилаб қўйилган ҳуқуқбузарликни била туриб содир этиб, бу хатти-ҳаракатини кенг оммага намойишкорона маълум қилиниши жамиятни қонун устуворлиги томон эмас, тескари томонга чорлади, ноқулай пайтда қонунларни бузиш мумкин, ёқмайдиган талабларга кўз юмса бўлади, жавобгарликдан қўрқмайман деган энг нотўғри ва асоссиз сигнални жамиятимизга юборди», дейилади баёнотда.
Шунингдек, вазирликка кўра, Р.Кушербаев ўз ваколатлари доирасида масалани тизимли ҳал қилиш мақсадида тегишли сўров билан мутасадди идораларга мурожаат этиши, ваюта соҳасидаги қонунларга ўзгартириш бўйича ташаббус билан чиқиши ҳам мумкин эди.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига асосан депутат одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозимлиги, депутатнинг ўз мақомидан жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмаслиги назарда тутилгани ҳам эслатиб ўтилган.
Депутат ва вазирликнинг ушбу кичик можароси жамоатчилик ва блогерларнинг эътиборидан четда қолмади. Кўпчилиги депутатнинг ҳаракатларини қоралаган Адлия вазирлигининг ўзини қоралаб чиқди.
«Депутат шу масалага норозилик ўлароқ чиқиш қилаётган экан, унинг оғзига уриш, қўлини қайиришни бошқалардан кутсам ҳам, адлиячилардан кутмаган эдим... Юқорида нотўғри қўлланаётган айрим қонун ҳужжатлари, актларнинг айримларини эслатдим. Бунақалари тиқилиб ётибди.
Вазирлик шу-унча ишлар қолиб, депутатга одоб-ахлоқ борасида маъруза қилишдан уялиши керак эмасми?! Марказий банкка адвокатлик қилганидан кўра, дам олиш кунлари ҳам валюта айрибошлаш шаҳобчалари ташкил қилиш ҳам мижозга, ҳам молия муассасасига фойдали эканини, буни қонунлар таъқиқламаслигини тушунтирса бўлмайдими?
Кечирасиз, Адлия вазирлигининг қилни қирқ ёрадиган ҳуқуқшунослари менга иккиюзламачи, жамоатчиликни муаммолардан чалғитишга уринмоқчи бўлаётган лўттибозлардек туюлди», деб ёзган блогер Абдураҳмон Ташанов.
«Репрессияларни қонунийлаштирган Сталин Конституцияси совет халқи билан келишилмаган. Ёки Нюрнберг ирқ чекловларини немис халқи муҳокама этмаган. Ижтимоий тармоқларни блоклаш бўйича пештоқига Парламент деб ёзилган орган ёки ҳукумат халқдан мандат олмаган, яъни ижтимоий битим йўқ ўртада.
Шундай экан, инсоният тарихидаги, янги ва энг янги Ўзбекистон тарихидаги барча ёмон қонунлар бу ижтимоий келишув бўлмаган қонунлар. Улар доим зиён келтиради. Ёмон қонунларнинг зиёнли эканини айтиш, бу ҳақида мулоҳаза юритиш бу — жасорат. Лекин Ёмон қонунларга амал қилмаслик ёки амал қилмасликка чақириш эса, афсуски, жиноят деб таснифланиши мумкин. Чунки ҳуқуқ ҳар доим ҳам морал эмас. Морал эса ҳар доим ҳам ҳуқуқ эмас», деб ёзади иқтисодчи блогер Отабек Бакиров.
«Легитимликка биноан қонунлар адолат принципларига асосан бўлиши лозим. Адолатлилик қонундаги энг бирламчи принцип. Бунга мисол қилиб пропискани мисол қилайлик. Битта юрисдикция ичида фуқаролар учун икки хил мақомдаги худуд бўлиши легитим тартиб эмасди.
Кушербаев ўзининг постида дам олиш кунлари валюта айирбошлаш пунктлари ишламаслиги натижасида ҳамма қора бозорда алмаштиришга асос бўлади деб айтган. Тўғри гапи. Бу жиноятга, ҳуқуқбузарликка шароит яратувчи криминоген ҳолат.
Қонунлар жамият характеридан келиб чиққан, адолат мезонларига мос бўлиши керак. СССР чайқовчиликни жиноятга тенглаштирди. Нима ютди? Инсон психологиясидан келиб чиқмаган, нолегитим норма бўлгани учун чайқовчилик тугатилмади. Шунчаки яширин, подполный қиёфага кирди.
АҚШдаги «қуруқ қонун» (сухой закон) ҳам худди шундай эди. Бу билан ичкилик камайиб қолгани йўқ. Яширин кўринишга ўтган. Депутатнинг нуқтаи-назарида ҳам айнан шу акс этганди. Сабаб қолиб, оқибат билан курашмаслик керак. Қонунлар, тартиблар легитим ҳолатга келиши керак», деб муносабат билдирган ҳуқуқшунос блогер Баҳодир Аҳмедов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter