Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кичик бизнесдан катта тадбиркорлик сари

Кичик бизнесдан катта тадбиркорлик сари

Маблағи ёки имконияти бор инсон тадбиркор бўлиб қолади, деган тушунча мутлақо нотўғри.

Фото: «xabar.uz»

Назарий ва амалий кўникмани эгаллаб бошланган ишнинг натижаси ҳамиша хайрли бўлади. Саҳифамиз қаҳрамони Муроджон Ортиқов ҳам тадбиркорликни бошлашдан аввал ўқиди, тажриба орттирди ва беш йилда оддий сотувчиликдан йирик хусусий тадбиркор даражасига эришди.

— 2011 йили Наманган муҳандислик иқтисодиёт институтининг молия йўналишини тамомладим. Аммо ўқишни битирган йилим умуртқа чуррасидаги жиддий хасталик сабабли тўшакка михланиб қолдим, — дея сўзини бошлади суҳбатдошим. — Шифокорлар 6 ой мобайнида ўриндан турмай даволанишим кераклигини айтишди. Даволаниш муддати тугагач, давлат ташкилотларидан иш излаб кўрдим. Афсуски, соғлиғим туфайли узоқ вақт ўтиролмаслигимни, бу дарднинг қайталанишига сабаб бўлишини айтишди. Шундан сўнг дўконга сотувчи бўлиб ишга кирдим. Уч йил мобайнида савдо-сотиқ сирларини ўргандим. Бироз кўникма ва тажриба орттиргач, хусусий тадбиркорликни йўлга қўйдим.

— Тадбиркор бўлиш учун катта сармоя талаб қилиниши ростми? Сир бўлмаса, ишни бошлашингиз қандай кечган?

— Очиғини айтганда, оилада тўрт фарзанднинг кенжасиман. Моддий томондан яқинларимга суянишни истамайман. Жигарларимнинг ҳам ўз оиласи ва ташвишлари бор эди. Шу боис ишни кичик дўкон очишдан бошладим. Ишлаб чиқарувчи фирмалардан қарзга маҳсулот олиб сотдим. Бир-икки йилда дўкон фаолияти кенгайиб, айланма маҳсулот ортди. Шундан сўнг писта қадоқлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Бундан ташқари, ўзим туғилиб ўсган Мингбулоқ туманида катта савдо марказим ҳам ишлаяпти. У ерда компютерларга хизмат кўрсатиш, кўнгилочар майдон, озиқ-овқат ва кийим-кечак дўконлари бор.

— Нега ишлаб чиқаришни йирик турдаги маҳсулотлардан эмас, айнан пистани қадоқлашдан бошладингиз?

— Ҳар соҳанинг ўз сир-асрори бор. Маблағи ёки имконияти бор инсон тадбиркор бўлиб қолади, деган тушунча мутлақо нотўғри. Аввал ишни ўрганиш, харидорлар ишончини қозониш керак. Шу боис оддийгина кунгабоқарни тозалаб, қадоқлаб харидорларнинг ишончини қозондик.

— Бу соҳани кенгайтириш ниятингиз борми?

— Албатта, баҳор ойларида янги бизнес лойиҳани йўлга қўймоқчиман. Энди сутни қайта ишлаш, юртимиз бозорларига қурутларни қадоқлаб чиқариш ниятим бор. Ундан кейин сут маҳсулотларининг бошқа турлари ва ширинлик ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман.

Айни кунда кичик ишлаб чиқариш орқали 8 та иш ўрни яратилди. Ўйлайманки, агар бу соҳани яна-да кенгайтирсам, иш ўринлари ҳам икки ҳисса ортади.

Туман ҳокимияти мутасаддилари ёрдами билан жорий йилнинг апрель ойи ичида 300 млн. сўм имтиёзли кредит олаяпман. Бу пулга хориждан ишлаб чиқариш техникаларини олиб келиш ниятим бор. Аҳолини иш билан таъминлаш унинг фаровонлигини оширишнинг энг муҳим йўналиши ҳисобланади. Кичик бизнеснинг ўзиёқ бир нечта оилани иш билан таъминлайди, минглаб инсонларнинг эҳтиёжини қондиради. Шундай экан, ҳар биримиз берилган имкониятлардан фойдаланиб, аввал маҳаллий, сўнг хориж бозорларини маҳсулотларимиз билан тўлдирайлик. Шундагина юртимиз иқтисодиётида ривожланиш бўлади.

Наргиза Муродова суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг