Жисмоний шахсларнинг банк қарздорлиги янги – «инсофли» тартибда сўндирилади – лойиҳа
Фуқаролик кодексининг 248-моддасига кредитор шахснинг қарздорлигини ёпиш бўйича янги тартибни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.
Бу борадаги тегишли қонун лойиҳасига кўра, келгусида аҳоли томонидан тижорат банкларидан олинаётган кредит (микроқарз ва ҳ.к) маблағларининг сўндирилиши тартиби, энг аввал жарима ва пениялардан эмас, балки асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорликдан бошланади.
Одатда фуқаролар томонидан кредит тўловлари кредит шартномаларида белгиланган миқдорда ва муддатларда кредит ташкилотларига тўлаб борилади. Лекин шунга қарамасдан, амалиётда фуқаролар томонидан айрим сабабларга (пандемия оқибатида, вақтинча ишини йўқотганда, касал бўлганида ва ҳ.к.) кўра кредит тўловларини кечиктирган ҳолда ёки қисман тўлаш ҳолатларини кўплаб кузатиш мумкин.
Бундай ҳолларда, кредит ташкилотлари фуқаролар томонидан амалга оширилган кредит тўловларини биринчи навбатда жарималар, пенялар ва кредит фоизларини сўндиришга йўналтиради. Натижада, фуқаролар томонидан тўланган маблағлар кредитнинг асосий қарздорлигини қоплашга етмай қолиши оқибатида кредит ташкилотлари томонидан берилган кредитларга устама фоизлар ҳисоблашда давом эттирилади. Бу эса ўз навбатида, молиявий аҳволи қийин фуқароларнинг кредит ташкилотлари олдидаги мажбуриятларини ортишига ва уларнинг қарз юкламасини ошиб боришига олиб келади.
Бундан ташқари, мазкур ҳолат ўз навбатида кредитлар билан боғлиқ муаммоли активларнинг кўпайишига, айниқса қарздорлик суд тартибида мажбурий ундирувга қаратилган ҳолатларда қарздордан биринчи навбатда жарималар, пенялар ва фоизларнинг ундириб олиниши кредит асосий қарзининг амалда сўндирилмай қолиши ва натижада унга фоизлар ҳисобланиши давом эттирилиши фуқаролар томонидан судларнинг ҳал қилув қарорларида белгиланган сумма кредиторга тўланган тақдирда ҳам қарздорлик тўлиқлигича сўндирилмай қолишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида таклиф этилаётган тартибга кўра эса жисмоний шахсларга ажратилган микроқарз ёки кредит (тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган кредитлар бундан мустасно) бўйича амалга оширилган тўлов миқдори, агар қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарзи қуйидаги тартибда сўндирилади:
- асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорликни;
- муддати ўтган фоиз тўловларини;
- жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорликни;
- жорий давр учун ҳисобланган фоизларни;
- неустойка (жарима, пеня);
- қарздорликни қайтариш билан боғлиқ кредиторнинг бошқа харажатларини.
Ушбу ўзгартириш билан жисмоний шахсларга ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича биринчи навбатда асосий қарзнинг қайтарилишига эришиш билан биргаликда қарзни тўлашга рағбатлантиради ва қарз юкини камайтиришга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter