«Танглик ҳолати ҳаммага ўз таъсирини кўрсатди» — Жамшид Хўжаев
Жорий йилнинг 21 октябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар вазирларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича бешинчи йиғилиши видеоконференция кўринишида ташкил этилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Мулоқотда коронавирус пандемиясининг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун кўрилаётган чораларни муҳокама қилишди. Глобал муаммога қарши туриш биргаликдаги мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни талаб этиши таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда ШҲТ Бош котиби В.Норов, ШҲТ Бош котиби ўринбосари Ш.Джонон, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бош директори ўринбосари – Европа ва Марказий Осиёдаги Минтақавий вакили В. Рахманин, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Хўжаев, Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири Д. Патрушев, Ҳиндистон Қишлоқ хўжалиги ва фермерлар фаровонлиги давлат вазири П. Рупала, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири С. Омаров, Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ч. Таолинь, Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири Э. Чодуев, Покистон Ислом Республикаси миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқотлар вазири С. Имам, Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазири А. Салимзода иштирок этди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ўз нутқида қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантиришда ШҲТга аъзо давлатларнинг бирдамлиги ва ҳамкорликдаги саъй-ҳаракати ўз самарасини бераётганини билдирди.
— Биз ШҲТ давлатларининг технологик салоҳиятидан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий текшириш ва тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш, кадрларни тайёрлаш, зарур инфратузилмани яратиш учун очиқмиз. COVID-19 пандемияси фаолиятимизга сезиларли ўзгаришлар киритди. Дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги янги иш шароитларига мослашишига тўғри келмоқда. Кўриб турганимиздек, ҳеч бир давлат четда тургани йўқ. Танглик ҳолати ҳаммага, жумладан, ШҲТ давлатларига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Жаҳонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича мислсиз чоралар кўрилмоқда. Сўзсиз, бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги давлатлар миллий хавфсизлигининг муҳим элементи ҳисобланади. Республикада мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилган кооперативлар ва кластерлар механизмлари кенг жорий этилмоқда. Айни дамда Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва илм-фан интеграциясини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида янги билим ва инновациялар тизимини жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. ШҲТ ва ФАО ўртасида 2019 йилда имзоланган Меморандум 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасидаги Кун тартибига мувофиқ ҳозирги ва бўлажак авлодлар учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш жараёнида муҳим силжиш бўлди. Аҳолининг барча қатламларини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш энг муҳим вазифа ҳисобланади. Қисқа муддатда барча давлат ва жамоат ресурсларини сафарбар этишга эришдик. Давлат ва хўжалик бошқаруви бўғинларининг яқин ва мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги таъминланди. Глобал эпидимиологик вазият масалалари бўйича халқаро ҳамжамият, шунингдек озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини тезкор ҳал этиш бўйича бизга қўшни мамлакатлар билан самарали мулоқот йўлга қўйилди. Биз пандемия шароитида минтақа давлатларининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қишлоқ хўжалигидаги саъй-ҳаркатларини мувофиқлаштириш йўлларини муҳокама қилиб олдик. Маҳаллий ҳукумат органлари билан биргаликда пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш, барқарор бозор нархларини сақлаб туриш, шунингдек экспортни ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича дастур тайёрланди.
ШҲТга аъзо-давлатлар ҳукуматлари ўртасида 2010 йил 11 июнь куни Тошкент шаҳрида имзоланган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги Келишувни амалга ошириш бўйича 2021-2025 йиллар учун чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Ҳужжатга мувофиқ, томонлар турли истиқболли йўналишлар бўйича, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат савдосини кенгайтириш, агросаноат мажмуига инвестицияларни жалб қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, биргаликдаги илмий тадқиқотлар ва академик алмашинувларни ўтказиш, қишлоқ хўжалигига оид инновацияларни татбиқ этиш, кўргазма-ярмарка фаолиятини фаоллаштириш бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиради.
Бундан ташқари, делегациялар раҳбарлари 2018 йил 12 октябрда Душанбе шаҳрида имзоланган ШҲТнинг Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик дастурини амалга оширишга қаратилган Режани тасдиқлашди. Мазкур режага кўра, ШҲТга аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига умумий ёндашувини ишлаб чиқиш, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида вазият юзасидан ихтиёрий ахборот алмашинувини амалга ошириш, ушбу мавзуга доир, жумладан, тажриба алмашиш ва малака ошириш бўйича умумий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.
Хитойлик вакилларнинг аграр технологиялар алмашинуви ва ўқитиш бўйича ШҲТ Кўргазмали базасини яратишга оид ташаббуси қўллаб-қувватланди. Кўргазмали база Хитойнинг Шэньси вилоятидаги Янлин кўргазма зонаси асосида таъсис этилган қишлоқ хўжалиги учун технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш майдонини ривожлантиришни кўзда тутади.
Шу билан бирга делегациялар раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) 2020-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорликдаги ҳаракатлари режаси бўйича ШҲТ Котибиятининг маълумотлари билан танишишди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ)га аъзо давлатлар вазирларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича бешинчи йиғилиши якуни бўйичa келишув имзоланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter