Жаҳон банки Ўзбекистондаги аэропортлар модернизацияси учун пул ажратади
Кеча, 16 январ куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири Очилбой Раматов юртимизга ташриф буюрган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ушбу банк билан ҳамкорликда устувор тармоқларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Хусусан, Жаҳон банки билан ҳамкорликда юртимиз транспорт инфратузилмалари аэропортлар, автомобиль йўллари қурилиши ва реконструкция қилиниши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига тўҳталиб ўтилди.
Сирил Мюллер Жаҳон банки шу вақтга қадар Ўзбекистонда асосан автомобиль йўллари қурилиши соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга молиявий кўмак кўрсатиб келганини таъкидлаб ўтди. Ва Жаҳон банки ҳозирда Ўзбекистонда аэропортлар инфратузилмасини модернизациялаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири Очилбой Раматов бугунги кунда Жаҳон банки иштирокида юртимизда 40 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилаётгани қолаверса, фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорликдаги ишлар давом эттирилишини айтиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter