Ерни бозор активига айлантириш масаласи кўриб чиқилади — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган мурожаати давомида қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган ишлар ҳақида гапириб ўтди.Бу ҳақда Xabar.uz мухбири хабар берди.
«Камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин оширишдир.
Бунда ҳар гектар ердан олинадиган даромадни ҳозирги ўртача 2 минг доллардан камида 5 минг долларгача етказиш устувор вазифа қилиб қўйилади. Бунинг учун қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сув тежайдиган ва биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этишимиз лозим.
Аввало, фермер ва деҳқонларнинг ердан манфаатдорлигини ошириш керак. Манфаатдорлик ва адолат бўлган жойда албатта ўзгариш ва ўсиш бўлади.
Бу борада ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва уларни бозор активларига айлантириш масаласини кўриб чиқиш вақти келди. Шунинг учун Ҳукумат икки ой муддатда ердан фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш механизмларини жорий қилиш бўйича таклиф киритсин.
Келгуси йили барча вилоятларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари ташкил этилиб, уларда «ягона дарча» тамойили асосида 100 дан ортиқ агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.
Бу марказлар орқали ернинг сифатини яхшилаш, касалликларга қарши курашиш, уруғликларни танлаш билан боғлиқ муҳим хизматлар кўрсатилади.
Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ернинг унумдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этишга илк бор 600 миллион доллардан зиёд кредит ва грант маблағлари жалб қилинади.
Сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонлари 5 баробарга кўпайтирилиб, 430 минг гектарга етказилади, 90 минг гектар янги ерлар ўзлаштирилади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter