Бизнес акселератор: энг яхши бизнес лойиҳаларни амалга ошириш имконияти тақдим этилмоқда.
Ўзбекистонда иқтисодий секторни ривожлантиришда тадбиркорлик ва инновация учун қўл келувчи экотизимни яратиш зарурлиги кундек равшан масала. Бундай экотизимда стартап лойиҳалар ва бизнес инкубаторлар муҳим рол ўйнайди.
Стартап — ёш инновацион компания бўлиб, унинг замирида янги ғоя ёки технология ётади. Бундай компанияларнинг муваффақиятли ривожи учун молиявий, инфратузилмавий қўллаб-қувватлов ва албатта мутахассислар кўмаги керак бўлади. Бундай вазиятда эса университетлар ва илмий марказлар қошида жорий этилган махсус тузилмалар — стартап акселераторлар ва инкубаторлар қўл келади.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бизнес акселераторлар ва бизнес инкубаторлар АҚШ ва Европада бизнесни ривожлантириш учун энг оммавий йўлдир. Айниқса, энг фойдали ва тез ривожланаётган сегмент — табиий фанлар соҳасида юқори технологик стартапларга асос солинаётгани бўлмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 11 сентябр куни эълон қилинган «Инновацион фаолиятни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлигининг илғор технологиялар марказида инновацион стартап акселераторлар ва стартап инкубаторларга асос солинмоқда. Унга кўра, юқори технологик кичик компаниялар учун инфратузилма, бино, лаборатория ва жиҳозларига имтиёз асосида тақдим этилади.
2018 йилнинг сентябрь ойида «C.A.T. Science Accelerator» лойиҳасининг илк босқичи старт олди. Айни вақтда акселерация дастури учун ғоялар ва аризалар қабул қилинмоқда. Мақсад олимлар, маркетологлар, юристлар ва иқтисодчиларни лойиҳалар устида ягона жамоа бўлиб ишлаши учун жамлашдан иборатдир.
Акселератор Илғор технологиялар маркази томонидан «StartupFactory» компанияси (бунга қадар IT-лойиҳалар устида ишлаган) ва «Green Business Innovation» (яшил технологиялар ва муқобил энергия манбалари соҳасида ишлаган консалтинг компанияси) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Мазкур ғояни Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги, шунингдек, «Ўзбекнефтегаз», «Ўзкимёсаноат», «Ўзчармсаноат» ва «Uzsharobsanoat» АЖлар қўллаб-қувватлашмоқда.
Акселератордаги иштирок ёш олимлар ва жамоаларга ўз тажрибалар учун илмий майдон, мутахассислар кўмаги ва қўллаб қувватловини тақдим этиш билан бирга MVP, яъни лойиҳанинг минимал ишчи талқинини ишга туширишга ҳам ёрдам беради. Энг яхши лойиҳалар эса якунда бизнесни ривожлантириш учун Инновацион ривожланиш вазирлигининг 100 миллион сўмлик инвестицияларини қўлга киритиши мумкин.
Стартап лойиҳаларга аризалар тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, биология, кимё, физика, геология, тоғ-кон, металлургия саноати ва самарали энергия йўналишларида 5 октябрга қадар www.cat-sa.uz сайтида қабул қилинмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter