Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бензин, газ ва электр таъминоти – Энергетика вазирлиги муҳим масалалар бўйича ахборот берди

Бензин, газ ва электр таъминоти – Энергетика вазирлиги муҳим масалалар бўйича ахборот берди

Энергетика соҳасида сўнгги йилларда кўп ўзгаришлар бўлди. Табиийки, ўсиб бораётган соҳа сифатида ютуқлар билан бирга муаммолар ҳам кўзга ташланди. Xabar.uz ахборот таҳлилий портали вазирлик матбуот хизматига бир қатор масалалар бўйича сўров киритди ва саволларига жавоб олди.

Қуйида вазирлик томонидан берилган ахборотнинг мухтасар кўриниши ҳавола этилади.

Аи-80 бензини
Мавзу аввалида табиийки Аи-80 бензини нархи кўтарилгани ҳақида савол қўйилди. Вазирлик томонидан таъкидланишича, бензин нархи ошмаган, балки унга нисбатан қўлланилган имтиёз муддати якунига етгани туфайли акциз солиғи жорий этилган.

Яъни, шунчаки бугунга қадар бўлган 6080 сўм нарх устига акциз солиғи қиймати ҳам қўшилгани туфайли бир литр Аи-80 русумли бензин «UNG Petro» заправкаларида 6800 сўмдан сотила бошланган.

Имтиёз
Аи-80 бензинига имтиёз 2022 йилнинг 13 декабрида жорий этилган бўлиб, ўша вақтдаги аномал совуқ натижасида метан газ заправкалари фаолиятига вақтинчалик чеклов ўрнатилгани сабабли ҳукумат томонидан шундай қарор қабул қилинганди. Энергетика вазирлиги томонидан маълум қилинишича, ўз вақтида бу имтиёз метан газ билан боғлиқ муаммони қисман ёпган бўлса-да, кейинчалик ундан кўпроқ хусусий заправкалар фойда кўрган.

Масалан, автобензиннинг автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига бозор тамойиллари асосида биржа савдолари орқали сотилиши ва унинг нархи эркин шаклланиши туфайли хусусий заправкаларда Аи-80 нархи 8400, баъзи ҳолатларда эса 8800 сўмга қадар етган. Натижада акциз солиғи ноллаштирилганидан истеъмолчилардан кўра хусусий заправкалар кўпроқ манфаатдор бўлиб келган.

Бюджет
Вазирлик томонидан таъкидланишича, акциз солиғи имтиёзлари сабабли Давлат бюджетига 1 триллион 228,8 млрд сўм миқдорида пул маблағлари тушмай қолган.

Агарда 2024 йилда ҳам импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун акциз солиғи «нол» ставкада қўлланилса, Давлат бюджети бу йил ҳам 1 триллион 257,8 млрд сўм маблағ йўқотиши мумкин эди.

Бу эса табиийки баъзи ижтимоий лойиҳаларга таъсир ўтказган бўлар эди.

Чора-тадбирлар
Аи-80 бензинига акциз солиғи қўлланилиши натижасида эндиликда «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли «UNG Petro» заправкаларида ёқилғининг бир литри 6800 сўмдан сотилади. Аммо хусусий заправкалардаги нарх ошиб боришига нисбатан қандайдир чора-тадбирлар қўлланиладими? Бу ҳақдаги саволга вазирлик томонидан атрофлича жавоб беришди.

Таъкидланишича, бунинг учун бир нечта ечим таклиф этилган:

Биринчидан, айни вақтда Аи-80 бензинига нарх белгилашда маълум чегарадан ўтмаслик бўйича таклиф тайёрланмоқда. Худди метан газ заправкаларида бир метр куб газ учун энг юқори нарх 3250 сўм этиб белгиланганидек, Аи-80 бензинига ҳам маълум қиймат таклиф этилади.

Иккинчидан, метан газ заправкалари сонини ошириш чоралари кўрилади. Уларнинг фаолиятига нисбатан қўлланилаётган чекловлар имкон қадар камайтирилади. Масалан, бу йил фақат маълум муддат газ заправкаларининг иш соати чекланди холос. Бирорта ҳам заправка тўлиқ ёпиб қўйилмади.

Учинчидан, электромобилларни қувватлантирувчи тармоқлар кенгайтирилади. Натижада юртимизда электромобиллардан фойдаланишни кенгайтириш мақсад қилинмоқда. Масалан, айни вақтда юртимизда бундай турдаги транспорт воситаларидан бор-йўғи 26 мингта бор холос. Шу сабабли яқин келажакда 123 та электромобилларни қувватлаш станциялари қурилиши режалаштирилган.

Маълум қилинишича, электромобил ва бензинга ҳаракатланувчи транспорт воситаси ўртасидаги фарқ анча катта бўлиб, масалан, электромобил 100 км юриши учун 30 минг сўмлик қувват сарф этадиган бўлса, бензинга юрувчи автомобиллар 80 минг сўмдан 130 минг сўмгача сарф қилади.

Шунингдек электромобилларнинг табиатни асрашдаги ўрни ҳам жуда катта.

Экология
Сўнгги вақтларда айниқса Тошкент шаҳрида экология жиддий муаммога айланиб бораётгани ҳақида хабарлар кўпайиб қолди. Табиийки бунда автомобилларнинг ҳиссаси ҳам жуда катта.

Юртимизда умумий ҳисобда 4.5 миллион атрофида транспорт воситаси бўлса, шундан 700 мингтаси Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Албатта бир жойда кўп автомобил жамланиши экологияга таъсир қилмай қолмайди. Аксарият машиналар Аи-80 бензинида ҳаракатланиши эса муаммони яна-да жиддий кўринишга олиб келяпти. Хусусий ишлаб чиқарувчилар томонидан белгиланган меъёрга амал қилинмаслиги эса алоҳида масала.

Вазирлик матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, баъзи тадбиркорлар томонидан бензинни ишлаб чиқаришда экологик талаблар қўпол равишда бузилган. Масалан, бензин таркибидаги актамни кўтариш мақсадида турли ароматик қўшимчалар қўшилган. Натижада бензин таркибидаги актам етарли бўлса-да, атроф-муҳитни ифлослантирувчи кимёвий моддалар кўп ажраб чиққан.

Маълум этилишича, бундай бензин ишлаб чиқарилишига чек қўйилган.

Аи-80 керакми?
Вазирлик матбуот хизмати бир масалага эътибор қаратишни сўради: Аи-80 бензини кўп мамлакатларда тақиқланган бўлиб, ҳатто нефт маҳсулотларини тўлиқ импорт қиладиган ён қўшниларимиз Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам аллақачон истеъмолдан олинган. Эътиборли томони, ҳозирча минтақада фақат биз ва қўшни Афғонистонда Аи-80 бензинидан фойдаланиш давом этмоқда.

Вазирлик юртимизда ҳам босқичма босқич Аи-80дан воз кечиш режалаштирилганини маълум қилди. Масалан, 2025 йилга бориб Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида Аи-80 ишлаб чиқарилиши тўхтатилса, 2026 йилга бориб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи тўлиғича сифатлироқ ёқилғи ишлаб чиқаришга ўтказилади.

Албатта ёқилғи бозорида тақчиллик кузатилмаслиги ва истеъмолда узилиш бўлмаслиги учун чора-тадбирлар режалаштирилган.

Хорижий етказиб берувчилар
Энергетика вазирлиги хориждан бензин олиб кирувчи субъектлар фаолиятини кенгайтириш орқали истеъмол бозорини бир маромда ушлаб турилишини маълум қилди.

Таъкидланишича, Татнефт, Saneg ва Лукойл каби хорижий сармоядорларга кўпроқ заправкалар қуриш имкони берилади. Натижада маҳаллий тадбиркорлар билан бўладиган рақобат самараси ўлароқ бозорда ёқилғи сифати ва нарх барқарорлигига эришиш режалаштирилган.

Энергетика
Xabar.uz нашрига шунингдек электр энергияси таъминотида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди.

Унга кўра, 2024 йилда электр энергияси таъминоти 100 фоизга етказилиши мақсад қилинган.

«Албатта қайсидир ҳудудларда локал авариялар натижасида электр таъминотида вақтинчалик узилиш бўлиши мумкин, аммо биз бундай ҳолатларни дарҳол бартараф этишга киришамиз», – дейилади вазирлик ахборотида.

Инфратузилма
Xabar.uz томонидан инфратузилмадаги муаммолар ҳам кўтарилди. Чунки электр энергияси ишлаб чиқариш етарли ҳажмда бўлгани билан подстанциялар, трансформаторлар, электр линияси билан боғлиқ масалалар ҳал этилмаса мақсадга эриши қийин.

Магарки якунда истеъмолчига етказиб беришда муаммолар пайдо бўлаверса, ислоҳотлар самарадорлиги тушиб кетмайдими?

Вазирлик ҳақиқатан ҳам ҳозирги ҳолат кўпроқ муаммоли жойларга «ямоқ» солинишига ўхшаб кетишини тан олди. Аммо маълум қилинишича, икки йилда инфратузилма масаласи тўлиқ ҳал қилинади. Бунинг учун етарли чора-тадбирлар кўрилмоқда, самараси эса ҳозирданоқ кўзга ташланган. Масалан, ўтган йилги аномал совуқ шароитида қайси ҳудуд қачон ўчирилиши график қилинган бўлса, жорий йилда бунақа муаммо кўзга ташланмади. Фақат авария ҳолатларидагина свет ўчди ва соҳа ходимлари имкон қадар тезроқ вазиятни бартараф этишга ҳаракат қилдилар.

Вазирлик томонидан таъкидланишича, яқин вақтлар ичида электр энергияси бозорига хусусий сектор кириб келади. Яъни, Ҳудудий электр тармоқлари тизимида хусусий операторлар иш бошлайди ва соҳада рақобат пайдо бўлади.

«Хусусий операторлар рақобат муҳитини пайдо қилади, энергия йўқотилишини камайтириш ва истеъмолчини узлуксиз таъминлаш учун кураш бошлайди. Чунки уларга кўпроқ мижоз керак. Бу эса сифат ошишига олиб келиши кутиляпти», – дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг