Банкларда коррупциянинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда?

Юридик департаменти директори Жамшид Саипов ва Ички ишлар бош бошқармаси масъул ходими Ҳусниддин Рўзимов.
«Агробанк» АТБнинг Бош офисида «Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш коррупцияга қарши курашишнинг асосий омили» мавзусида семинар ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Жўрақул Сатторов, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси масъул ходими Ҳусниддин Рўзимов, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда банкнинг раҳбар ва ходимлари иштирок этди.
Ушбу семинарни ўтказишдан асосий мақсад банкнинг ходимлари онгу шуурига хизмат вазифаларини виждонан ва самарали бажаришда одоб-ахлоқ ҳамда хулқ-атвор қоидаларига риоя этиш ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг аҳамияти ва моҳиятини етказишдан иборатдир.

Семинарда «Агробанк»АТБнинг Юридик департаменти директори Ж.Саипов ва бошқалар банк ходимлари ўртасида қонунбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми, шунингдек, ходимларнинг одоб-ахлоқ ва хулқ-атвор қоидаларига риоя этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда галдаги муҳим вазифалар хусусида сўз юритди.
Президентимизнинг 2018 йил 23 мартдаги «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар доирасида банкнинг ҳудудий бошқармалари ва филиалларида тарбиявий профилактик ишларни кучайтириш, ходимларни муносиб хулқ-атворда бўлишини таъминлаш, банк тизимига доғ туширувчи турли салбий ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида банк Бошқаруви томонидан 2018 йил 11 апрелда Банк ходимларининг корпоратив этикаси қоидалари тасдиқланди.
Унга кўра, ҳар бир ходимнинг олдига ўз хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш, ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш, ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор-бир шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик, хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик ва шу каби бир қатор мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ тартиб-қоидалар белгиланди.

Тадбирда иштирок этган «Xabar.uz» сайти вакили «Агробанк»нинг Юридик департаменти директори Жамшид Саиповга шундай савол берди:
– Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш кенг миқиёсда амалга оширилмоқда. Аммо минг афсуски, катта пул бор жойда коррупция хавфи ҳам катта. Айнан «Агробанк» фаолиятини таҳлил қилсак, сўнгги йилларда коррупция билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқдами ёки камаймоқда?
— Республикамиз бўйлаб «Агробанк» тизимида 8 минг нафардан ортиқ ходимлар ишлайди. Албатта, уларнинг мутлақ кўпчилиги камчиликсиз ишловчи ходимлар, оз бўлса-да улар орасида тартиббузарликка йўл қўйган ходимлар ҳам учраб туради. Уларга нисбатан банк Бошқаруви томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўриб борилмоқда. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар камайган.
Бундан кўриниб турибдики, мамлакатимизда коррупцияга қарши жиддий кураш бошланганини ва таъмагирлик ривожланишга тўсиқ бўлишини банк ходимлари ҳам тўғри англаб етмоқда.
«Агробанк» АТБ матбуот хизмати
«Агробанк» фаолияти ҳақидаги батафсил маълумотларни банкнинг «Telegram» каналида кузатиб боришингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter