Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марказий банк ўтган йилда банк кассаларига келиб тушган нақд пуллар ҳақида маълумот берди

Марказий банк ўтган йилда банк кассаларига келиб тушган нақд пуллар ҳақида маълумот берди

Фото: «Kun.uz»

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2017 йилда банк кассаларига келиб тушган нақд пуллар ҳақида расмий ахборот берди. Қайд этилишича, 2017 йилнинг биринчи ярми давомида тижорат банклари кассаларидан нақд пул чиқимларининг умумий ҳажми банк кассаларига келиб тушган нақд пул миқдорига нисбатан сезиларли даражада кўпроқ бўлди.

Хусусан, январь-июнь ойлари давомида банк кассаларига 11,8 трлн. сўм нақд пул тушган бўлса, банк кассаларидан амалга оширилган чиқим 17,1 трлн. сўмни ташкил этди. Натижада, муомаладаги нақд пуллар миқдори йил бошига нисбатан 5,3 трлн. сўмга ошиб, 2017 йилнинг 1 июль ҳолатига 18,6 трлн. сўмни ташкил этди.

Жами нақд пул тушумида манбаларнинг улуши
Скрин: Марказий банк

Ўтган 2017 йилда банк кассаларига тушган нақд пуллар ҳажми 39,5 трлн. сўмни ташкил этди.

Ушбу даврда жами нақд пул тушумларида товарларни сотишдан тушум улуши 47 фоиз (18,7 трлн. сўм), пуллик хизмат кўрсатиш соҳасидан тушум — 15 фоиз (5,9 трлн. сўм), аҳолининг банк омонатларига жойлаштирган пуллари — 14 фоиз (5,6 трлн. сўм), солиқлар ва бошқа мажбурий йиғимлар — 11 фоиз (4,2 трлн. сўм), бошқа соҳалардан тушум — 13 фоиз (5,1 трлн. сўм)ни ташкил этди.

Июль-декабрь ойларида банк кассаларига 27,7 трлн. сўм тушиб, январь-июнь ойларига нисбатан 15,9 трлн. сўм ёки 2,3 мартага кўпайди.

Шундан, товарларни сотишдан тушган нақд пуллар ҳажми 7,8 трлн. сўм ёки 2,4 баробар, пуллик хизмат кўрсатиш соҳасидан 2,4 трлн. сўм ёки 2,4 баробар, аҳолининг банк омонатларига топширган пуллари 800 млрд. сўм ёки 1,3 баробар, солиқлар ва бошқа мажбурий йиғимлар 2,5 трлн. сўм ёки қарийб 4 баробар ва бошқа соҳалардан тушумлар 2,4 трлн. сўм ёки 2,9 баробарга ошган.

2017 йилда жами нақд пул тушумида Тошкент шаҳрининг улуши 36 фоиз, Самарқанд 10 фоиз, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 8 фоиз, Андижон, Наманган ва Хоразм вилоятларида 5 фоиз, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 4 фоиз, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида 3 фоиз, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 2 фоизни ташкил этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг