Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Балиқчилик хўжаликларига имтиёзлар берилди

Балиқчилик хўжаликларига имтиёзлар берилди

Фото: «Turon24.uz»

Балиқчилик соҳаси ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Инсон ва қонун» газетаси хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ узлуксиз сув таъминлаш имконияти бўлган сунъий сув ҳавза майдонлари мавжуд бўлган балиқчилик хўжаликлари босқичма-босқич интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштирилади.

Қарор билан балиқчиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида «Ипотека банк» АТИБнинг устав капиталидаги давлат улуши оширилди.

Тижорат банклари томонидан 2019-2020 йилларда ажратилаётган кредит фоизи учун Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилди:

  • айланма маблағларни тўлдиришга тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 25 фоизи миқдорида;
  • наслли она балиқ ва балиқ увилдириғи, ёпиқ сув айланма тизими, қафас (садок) қурилмаларида ва бошқа интенсив усулларда балиқ етиштиришни ташкил этиш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехлари ва репродукторларни ташкил этиш, ҳовузлар қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника ва бошқа асосий воситаларни харид қилиш ҳамда барпо этиш учун тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдорида.

Шунингдек қарорга мувофиқ эндиликда балиқчилик соҳасида тўлиқ тизимли ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерлари ташкил этилади. Кластернинг йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлганда 2019 йил 1 январдан уч йил давомида барча солиқлар ва мажбурий ажратмалардан озод этилади.

2021 йил 1 ноябрга қадар қуйидагилар божхона тўловларидан озод этилади:

  • наслли она балиқ, балиқ увилдириғи, республикада ишлаб чиқарилмайдиган инкубация, лаборатория, интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ овлаш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, музлатиш ва сақлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, анжом, механизмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, муқобил энергия таъминоти ускуналари, мелиорация ишлари учун махсус техникалар ва тирик балиқ ташувчи транспорт воситалари;
  • чет эл ташкилотлари ва уларнинг шўъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтириладиган омихта ем ва минерал ўғит (аммофос).

Янгидан ташкил этиладиган сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш лойиҳаларига ер участкалари интенсив усул ва ресурс тежамкор технологиялар қўлланганда, Сув хўжалиги вазирлигининг хулосаси асосида ажратилади.

Балиқчилик илмий-тадқиқот институтини ривожлантириш учун 2019 йилда Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард сўм ажратилади. Бундан ташқари қарор билан Айдар-Арнасой кўллар тизимида интенсив усулда балиқ етиштиришни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича комиссия ташкил қилинди.

2019 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойида балиқчиликка оид кўргазма ўтказиш амалиёти жорий қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг