АҚШдаги SEC ҳақида нималар маълум?
Фуқароларнинг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган «Молия кундалиги»ни юритишда давом этамиз. Аввалги мақоламизда АҚШдаги бир қатор молиявий фирибгарлик ҳолатлари ортидан SEC (Securities and Exchange Commission – Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси) тузилганлиги ҳақида тўхталиб ўтган эдик.
Кўп сонли ўқувчилар талаб ва истакларига биноан ушбу мақоламиз орқали SEC тўғрисида батафсил маълумот берамиз.
Аввало, молиявий тушунча – молиявий муносабатлар атамасига тўхталамиз. Маълумки, молиявий муносабатлар ҳам объектлар ва субъектларга бўлинган. Унга кўра, молиявий муносабатлар объектларига иқтисодиётнинг турли даражаларида таркиб топувчи ва ҳаракат қилувчи пул маблағлари фондлари киради.
Молиявий муносабатлар субъектлари эса, таркибан мураккаб бўлиб, барча ташкилотлар, хусусан корхоналар, юридик ва жисмоний шахслар, фуқаролар ҳисобланади.
Энди, асосий мавзу – SEC (Securities and Exchange Commission – Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси)га қайтамиз.
Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси (SEC) ўзи нима?
Мазкур орган мустақил федерал ҳукумат агентлиги бўлиб, инвесторларни ҳимоя қилади, қимматли қоғозлар бозорининг адолатли ва тартибли ишлашини таъминлайди ва капитални шакллантиришга ёрдам беради. SEC 1934 йил АҚШ Конгресси томонидан қимматли қоғозлар бозорининг биринчи федерал тартибга солувчиси сифатида ташкил этилган. Бунга асосий сабаб, 1929 йилдаги фонд бозорининг қулаши ортидан инвесторларнинг ишончини тиклаш эди.
SEC фаолиятни тўлиқ жамоатчиликка ошкор қилинишини қўллаб-қувватлайди, инвесторларни бозордаги фирибгар ва манипулятив амалиётлардан ҳимоя қилади. Шунингдек, Қўшма Штатларда корпоратив ҳаракатларни ҳам кузатиб боради ва андеррайтер компаниялари орасида харидорлар учун рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги аризаларни тасдиқлайди.
Умуман олганда, давлатлараро тижоратда, почта ёки интернет орқали таклиф этилаётган қимматли қоғозларни инвесторларга сотилишидан олдин SECда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Шу билан бирга, брокер-дилерлар, маслаҳат компаниялари, активларни бошқариш бўйича менежерлар, уларнинг профессионал вакиллари сингари молиявий хизматлар фирмалари ҳам бизнесни юритиш учун SECда рўйхатдан ўтиши керак. Масалан, ҳар қандай биткойин алмашинувини маъқуллаш учун улар жавобгар ҳисобланади.
Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси (SEC) қандай ишлайди?
SECнинг асосий вазифаси қимматли қоғозлар биржалари, брокерлик компаниялари, дилерлар, инвестиция бўйича маслаҳатчилар ва сармоя фондаларини ўз ичига олган ҳолда қимматли қоғозлар бозоридаги ташкилотлар ва шахсларни назорат қилишдан иборат. Қимматли қоғозлар бўйича ўрнатилган қоидалар орқали SEC бозорга тегишли маълумотларни ошкор қилиш ва алмашишга, адолатли муносабат ва фирибгарлик ҳолатларидан ҳимоя қилишга кўмак беради. У сармоядорларга рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳисоботлар, даврий-молиявий ҳисоботлар ва бошқа қимматли қоғозлар шаклларининг электрон маълумотларини тўплаш, таҳлил қилиш ва қидириш ҳамда EDGAR номли маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятларини тақдим этади.
SECни президент томонидан тайинланадиган беш нафар комиссар бошқаради ва улардан бири раис вазифани бажаради. Ҳар бир комиссарнинг муддати беш йилни ташкил этсада, улар алмаштирилгунга қадар қўшимча 18 ой хизмат қилиши мумкин. Қонунга биноан бешта комиссардан учтадан кўпи битта сиёсий партияда бўлмаслиги шарт.
Комиссия беш бўлим ва 24 та офисдан ташкил топган. Уларнинг мақсади қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунларни шарҳлаш, амалга ошириш, янги қоидалар чиқариш, қимматли қоғозолар институтлари фаолиятини назорат қилиш ва давлатнинг турли даражалари ўртасида мувофиқлаштиришдир.
Қуйида бешта бўлинма ва уларнинг тегишли вазифалари билан танишинг:
- Корпоратив молия бўлими: Инвестицион қарорларни қабул қилиш учун сармоядорларга муҳим, яъни компаниянинг молиявий истиқболлари, акциялар нархларига тегишли маълумотлар берилишини таъминлайди;
- Ижрони амалга ошириш бўлими: Ишларни тергов қилиш, фуқаролик даъволари ва маъмурий ишларни юритади;
- Инвестицияларни бошқариш бўлими: Инвестицион компанияларни, ўзгарувчан суғурта маҳсулотларини ва федерал рўйхатдан ўтган инвестиция маслаҳатчилар фаолиятини тартибга солади;
- Иқтисодий ва хавф таҳлили бўлими: Иқтисодиёт ва маълумотлар таҳлилини SECнинг асосий вазифасига бирлаштиради;
- Савдо ва бозорлар бўлими: Бозорлар учун адолатли, тартибли ва самарали меъзонларни ўрнатади ва қўллаб-қувватлайди.
Муҳим жиҳатлардан бири, SEC фақатгина фуқаролик ишларини федерал судда ёки маъмурий судянинг олдига қўйишга рухсат этилган. Жиноят ишлари эса, Адлия Департаменти таркибидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ваколатига киради. Шундай бўлсада, SEC кўпинча далилларни тақдим этиш ва суд муҳокамаларида ёрдам бериш учун бундай идоралар билан яқин ҳамкорлик қилади.
Маълумотларга кўра, SECнинг барча офислари орасида Вистлбовер идораси қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунни қўллашнинг энг кучли воситаларидан бири сифатида ажралиб туради.
Бугунги кунда SEC ҳар йили қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунларни бузган фирмалар ва жисмоний шахсларга қарши кўплаб фуқаролик чораларни кўриб келмоқда. У ҳар қандай молиявий ҳуқуқбузарлик ҳолатларида бевосита ёки Адлия Департаменти билан биргаликда қатнашади. Одатда, SEC томонидан жиноий жавобгарликка тортиладиган одатий ҳуқуқбузрликларга бухгалтерия фирибгарлиги, нотўғри маълумотларни тарқатиш ва инсайдер савдолари кабиларни ўз ичига олган.
2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирози даврида SEC инвесторларга миллиардлаб долларларни қайтариш ва бир қатор молиявий институтларни жавобгарликка тортишда муҳим рол ўйнаган. Умуман олганда, у 204 та айблов эълон қилган эди. Бунинг ортидан 4 миллиард долларга яқин жарималар ҳамда бошқа пул ёрдамлари йиғилган. Масалан, улар орасида Wall Street учун Goldman Sachs 550 млн доллар тўлаганди.
Шундай бўса-да, кўпчилик кузатувчилар SECни бир қатор брокерлар ва юқори даражали менежерларни жиноий жавобгарликка тортишга ёрдам бермаганликлар учун танқид қиладилар. Чунки, уларнинг деярли барчаси жиддий қонунбузарликда айбланмаганди. Ҳозиргача фақат битта Валл-cтрит маъмури инқироз билан боғлиқ жиноятлар туфайли қамалган. Қолганлари эса, пул жаримаси ёки маъмурий жазо чораларини қабул қилган.
Маълумот учун, SEC ташкил топганидан буён унинг фаолиятига ёрдам берган бир қатор қонунлар номларини келтириб ўтамиз. Булар қуйидагиларни ўз ичига олган:
- 1939 йилдаги Ишончли Индентурэ қонуни;
- 1940 йилдаги Инвестиция компанияси тўғрисидаги қонун;
- 1940 йилдаги Инвестиция бўйича маслаҳатчилар тўғрисидаги қонун;
- 2002 йилдаги Сарбанес-Окслей қонуни;
- 2010 йилдаги Додд-Франк Валл стритдаги ислоҳотлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун;
- 2012 йилдаги JOBS қонуни.
Нурилло Тўхтасинов таржимаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter